Европанинг иқлим ўзгариши бўйича Copernicus хизмати маълумотига кўра, 2024 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлишига «деярли шубҳа йўқ» ва ўтган йилги рекордни ортда қолдиради.

Метеорологлар, шунингдек, 2024 йил глобал ўртача ҳарорат 1850−1900 йиллардаги саноатгача бўлган кўрсаткичлардан 1,5 даража Цельсий юқори бўлган биринчи календарь йили бўлишини башорат қилмоқда. 2023 йилда ҳарорат саноатгача бўлган ўртача даражадан 1,48 даражага юқори бўлган.

Глобал ҳароратнинг ўзгариши одатда 1850−1900 йиллардаги тарихий саноатгача бўлган даврдаги ўртача ҳароратга нисбатан ўлчанади, бу бошланғич нуқта сифатида қабул қилинади. Ушбу саноқ нуқтаси қуруқлик ва океан сиртининг ҳароратини юқори сифатда кузатиш мумкин бўлган энг эрта даврдир.

2015 йилги Париж келишуви доирасида мамлакатлар глобал исишни 1,5 даража Цельсий даражасигача чеклашга келишиб олган — бу ҳарорат чегараси бўлиб, олимларнинг сўзларига кўра, ундан ошиб кетганида, сайёра ортга қайтмас зарар кўради.

«Ҳар бир градус улуши аҳамиятга эга. Глобал миқёсда [иссиқхона газлари] чиқиндиларини қанчалик тез камайтирсак, иқлимимиз шунчалик тез барқарорлашади», — деди Copernicus директори ўринбосари Саманта Бержесс. Унинг қўшимча қилишича, иқлим ўзгариши туфайли юзага келадиган экстремал об-ҳаво ҳодисалари янада вайронкор ва тез-тез содир бўлаверади.

Йиллик ўртача глобал ҳароратнинг 1,5 даражага ошиши Париж келишуви мақсадига эришилмаганини англатмайди, деб тушунтиради New York Times. Шартнома шартларига кўра, бу содир бўлиши учун 20 йил давомида ҳарорат 1,5 даража ёки ундан юқори бўлиши керак.