• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Цемент заводлари имтиёзлар ҳисобига 250 млрд сўмни ўзида сақлаб қолди



Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчилари 2024 йилдан бошлаб берилган солиқ имтиёзлари туфайли 250 миллиард сўмни ўз ихтиёрида сақлаб қолади. Бу 2025−2027 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасидан келиб чиқади.

Цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактошдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 январдан режадаги 2 баравар ўрнига қарийб 4 баравар камайтирилганди.

Қарор иқтисодий рағбат сифатида тушунтирилган, аммо бу фойданинг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига таъсири кенг муҳокама қилинмаганди. Бюджетнома лойиҳасида ушбу имтиёз электр энергияси тарифлари ошиши фонида цемент ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилгани қайд этилган.

Ҳужжатда халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига цементдан ташқари норуда қурилиш материаллари учун белгиланган қатъий ставкани 1,3 бараваргача оширувчи коэффициент қўллаш ваколатини бериш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, қазилма бойликларида солиқ улуши унинг харид баҳосига нисбатан жуда пастлигини инобатга олиб айримларига ер қаъридан фойдаланганлик учун алоҳида солиқ ставкаларини (Солиқ кодексининг 452-моддаси) белгилаш режалаштирилмоқда:

  • мармар учун — ҳар кубометр учун камида 20 минг сўм;
  • гранит — 30 минг сўм;
  • табиий безактош — 30 минг сўм;
  • қум-шағал аралашмаси, шу жумладан, қурилиш қуми ва қумтошлари — 5 000 сўм.

Шу билан бирга, улар 5% адвалор солиқ ставкасини ҳам сақлаб қолади.

Кон-кимё хомашёси ва бошқа норуда қурилиш материаллари учун қазиб олинган ҳажмга белгиланган қатъий миқдорлар 10 фоизга индексацияланади.

Ўзбекистонда 37 та цемент заводи мавжуд бўлиб, уларнинг қуввати йиллик цементга бўлган талабдан икки баравар кўп, бироқ расмийлар қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва атроф-муҳитга зарарни камайтирадиган технологияларни жорий этиш ўрнига яна 22 та завод қуришни таклиф қилди, деганди Шавкат Мирзиёев йил бошида.

Шу билан бирга, экология вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда цемент заводлари қурилишига тақиқ қўйиш режалаштирилаётганини маълум қилганди. Унга кўра, қурилган 47 та заводдан 23 таси фаолиятини тўхтатган. Ўрганишларга кўра, 25 та цемент ишлаб чиқарувчи корхонанинг 90 фоизи экологик талабларни бузаётгани маълум бўлган. Ҳозиргача ҳеч қандай тақиқ эълон қилинмади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Экология вазирлиги Ўзбекистон атмосферасини ифлослантирувчи асосий тармоқлар иссиқлик электр станциялари ва цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар эканини таъкидлаган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *