Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Шавкат Мирзиёев раислигида 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, соҳада долзарб масалалар кўп. Масалан, кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бу 2-3 баробар қиммат.
Охирги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялари модернизация қилинди. Лекин ўрта ва майда насослар эскилиги сабабли сув таннархи ошиб кетаяпти.
Бетонлаш ҳисобига йўқотиш 10-15 фоизга камайган бўлса-да, 20 та туманда бу кўрсаткич юқори.
Шу каби муаммолардан келиб чиқиб, йиғилишда галдаги вазифалар белгиланди.
Навоий вилоятида 11 мегаваттли 148 та шундай станция қуриш бошланган. Умуман, ҳудудларда 2 мингта микро ГЭС қуриб, йилига қўшимча 600 миллион киловатт электр олиш мумкин.
Мутасаддиларга бу борада хусусий шериклик шартларини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга эълон қилиш топширилди. Давлат раҳбари соҳадаги яхши тажрибаларни кўрсатиб ўтди.
Вилоят ҳокимларига ушбу тизимни ўрганиб, сув таъминоти оғир туманларда жорий этиш вазифаси қўйилди.
2025 йил – сув хўжалигида насослар самарадорлигини ошириш йили бўлиши белгиланди.
Хусусий шерик билан тежамкор насос ва қуёш панели ўрнатиб, 20 фоиз электр тежаш мумкин. Масалан, хоразмлик деҳқонлар шундай қилаяпти. Шунингдек, қуёш панели ўрнатиб, эҳтиёжидан ортган электрни давлатга сотиб, ойига қўшимча 7-8 миллион сўм даромад олаяпти.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар ва соҳа мутахассисларининг фикр ва таклифлари эшитилди.