Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Франциянинг халқаро энергия ишлаб чиқарувчиси Voltalia’га тегишли Sarimay Solar компаниясига Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида қуёш электр станцияси қуриш учун маблағ ажратади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати, шунингдек, Voltalia компанияси вакиллари Тошкентда бўлиб ўтган Европа иқтисодиёти кунларида хабар берди.
ЕТТБнинг 54,6 миллион долларгача бўлган молиялаштириш пакети 44,8 миллион долларгача кредит, шунингдек, қурилиш босқичида Sarimay Solar компаниясини қўллаб-қувватлайдиган 9 миллион евролик махсус молиялаштириш дастуридан иборат бўлади.
Лойиҳа ЕИнинг Европа барқарор тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган 7 миллион долларлик кредитнинг биринчи траншини қоплаш кафолатини олади. ЕИ маблағлари ЕТТБ фаолият юритаётган ЕИдан ташқаридаги мамлакатларда иқлим ўзгаришини юмшатиш технологияларини жорий қилишни тезлаштиришга мўжалланган.
Молиялаштириш Sarimay Solar компаниясига 100 МВт қувватга эга янги қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва фойдаланишга топширишга ёрдам беради, бу Ўзбекистоннинг 2030 йилгача 25 ГВт гача қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш мақсадига ҳисса қўшади.
Бу Voltalia компаниясининг Ўзбекистонда танлов асосида ғолиб бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича биринчи лойиҳаси ҳисобланади. Станция ишга туширилгач, йилига 252 ГВт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқариши ва углерод газининг йиллик чиқиндиларини 141 минг тоннадан ортиқ камайтириши кутилмоқда.