Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида ноқонуний ов оқибатида табиатга катта миқдорда зарар етказилди, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги.
Тунги назорат рейд тадбирида Жондор туманида яшовчи 4 нафар фуқаро электр қармоқ ёрдамида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 20 дона Туркистон мўйловдорини, шунингдек, 25 дона зоғорабалиқни овлагани аниқланган. Улар балиқларни олиб кетаётганида тезкор гуруҳ ходимлари томонидан тўхтатилган.
Ушбу ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 1 миллиард 603 миллион 125 минг сўм зарар етказилган.
Маълумот учун, Қизил китобга киритилган 20 дона Туркистон мўйловдорининг ҳар бири учун 26 миллион 250 минг сўм, жами 525 миллион сўм зарар ҳисобланган. 25 дона зоғора балиқнинг ҳар бир донаси учун 375 минг сўм, жами 9 миллион 375 минг сўм зарар ҳисобланган. Балиқлар тақиқланган электр қармоқ ёрдамида овлангани учун зарарлар 3 баравар кўпайтирилган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида прокуратура органларига тақдим этилди.