Шавкат Мирзиёев 7 ноябрдаги йиғилишда сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг ягона йўли рақамлаштириш эканини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Насос станцияларига 1,7 мингта «онлайн» назорат қурилмаси ва 12 мингта «ақлли сув» қурилмаси олиб келинган. Лекин улардан олинадиган маълумотларни жамлаб, таҳлил қиладиган ахборот тизими йўқ, деди президент.

Шу боис Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади. Ушбу марказ сув истеъмоли ва уни ҳисобини юритишнинг ягона ахборот тизимини ишга туширади.

Таъкидланишича, ҳозирда сув солиғидан тушумнинг 40 фоизи туман сувчиларида қолмоқда. Лекин, 27 та туманда ундирилган сув солиғидан маблағ сув етказиш хизматларига ўтказиб берилмаган. Вилоят ҳокимликларига бир ҳафтада ушбу камчиликни бартараф қилиш топширилди.

Давлат раҳбари, шунингдек, Молия вазирлигига бундан буён сув солиғидан тушум бюджет ва сувчилар ўртасида автоматик равишда тақсимланишини таъминлаш вазифасини қўйди.

Шу йиғилишда Ўзбекистонда сув йўқотилишини камайтириш мақсадида каналларни бетонлаш дастурини давом эттириш режалаштирилаётгани маълум бўлди. 2025 йилда бу мақсадга 800 млрд сўм йўналтирилади. Президент бетонланган каналларда сув оқимини тезлаштириш ҳисобига кичик ГЭСлар қуриш имкониятини қайд этди.