• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда микробизнес учун қатъий белгиланган айланмадан солиқ ставкалари бекор қилиниши мумкин



Ўзбекистон айланмадан олинадиган солиқ ставкаларидан воз кечиши мумкин. Бу 2025 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши режалаштирилгани муносабати билан Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасидан келиб чиқади.

Ҳужжатда айланмадан солиқни қатъий белгиланган ставка бўйича ундириш тартибига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. У ўтган йили айланма улушидан келиб чиққан ҳолда (4%) солиққа муқобил сифатида жорий қилинган эди.

2025 йил 1 январдан 500 миллион сўмгача бўлган йиллик жами даромад учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси 34 миллион сўмни (+36 фоиз), 500 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача бўлган даромадлар учун 40 миллион сўмни (+33,3 фоиз) ташкил этади.

Ушбу тартиб муддатсиз жорий қилинган, бироқ энди у 2026 йилнинг 1 январигача амал қилади. Яъни бу муддатдан сўнг микрофирмалар айланма солиқни соддалаштирилган тартибда тўлаш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.

Молиячи Отабек Бакиров бу жуда салбий чора, деб ҳисобламоқда. «Агар антибизнес қонуни кучга кирса, тадбиркорликни бошлаш ва мавжудини оқартиришга бўлган барча мотивацияни ўлдиришга хизмат қилади. Мазкур механизмни шахсан давлат раҳбарининг ўзи кичик тадбиркорлик оёққа туриши учун таклиф этгани ва жорий қилганиям ўзбек чиновникларини тўхтатиб қолмаётган кўринади», — деб ёзди у.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 343, 470 ва 470−1-моддаларига (матнлари ҳали эълон қилинмаган) қатъий белгиланган айланма солиғини тўлаш тартибини ўз ичига олган ўзгартишлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Қатъий белгиланган айланма солиқ ставкалари жорий этилиши тўғрисида президент 2022 йил 22 август куни тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилганди. Ўшанда у микробизнес субъектлари ихтиёрий равишда йилига 20−30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилишини таъкидлаганди.

Кейинроқ молия вазирининг собиқ ўринбосари Дилшод Султонов «Dunyouzbeklari.Com» билан суҳбатда янги механизм қандай фойда келтиришини тушунтириб берганди. Хусусан, белгиланган миқдорда солиқ тўлашга қарор қилган микрофирма тоифасига кирувчи (айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган) солиқ тўловчи бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ҳисобот ва айланма солиғи бўйича солиқ органларига солиқ ҳисоботини тақдим этишдан тўлиқ озод қилинади. Шунингдек, тадбиркор молиявий ҳисоботларни тақдим этмасдан, яъни дивидендлар кўринишидаги даромаддан даромад солиғини тўламасдан дивидендларни олиш имкониятига эга бўлади.

«Шартли равишда кичик дўкон бор дейлик. Унинг вазифаси фақат назорат-касса машинасида чекларни чиқариш бўлади. Қолган ҳамма нарса унинг ваколатига кирмайди: кирувчи ҳужжатларнинг ҳисобини, омбордаги инвентар буюмлар балансини сақлашга ҳожат қолмайди. Яъни бундай ҳисоб-китоб мажбуриятлари энди уларга юкланмайди. Шунга кўра, ушбу солиқ тўловчи ҳар ой бюджетга қатъий белгиланган миқдорда айланма солиғини тўлаши шарт, бу эса унга бухгалтерга эга бўлиш ва бу ҳисоботларни юритиш мажбуриятидан халос бўлиш имконини беради (бу таклиф президент қарорига киритилмаган — таҳр.)», — деб тушунтирган у.

Вазир ўринбосари бу тартибни мажбурият эмас, балки ҳуқуқ сифатида кўриш кераклигини таъкидлаганди.

Бироқ бу таклифларнинг ҳаммаси ҳам амалда қўлланмади. Масалан, айланма солиғининг қатъий белгиланган миқдорини тўлайдиганлар ҳали ҳам омборда бухгалтерия ҳисоби, тушум ва инвентар қолдиқларини ҳисобга олиш билан шуғулланади.

«Dunyouzbeklari.Com» Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сўровлар юборди.

Аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил солиқларда қандай ўзгаришлар бўлиши кутилаётганини маълум қилганди: базавий солиқ ставкалари сақланиб қолади, лекин импорт қилинадиган газ учун акциз солиғи қайтарилади, қатъий белгиланган солиқ ставкалари, маркетплейслар, сув ва бошқалар учун солиқлар оширилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *