Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг «Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг намунавий шаклларини тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи қабул қилинди.
Ҳужжат билан:
- манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома;
- эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар;
- манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг шакллари тасдиқланмоқда.
Хабарномада ходим ўзининг паспорт маълумотларини, ЖШШИР, яқин қариндошларини Ф.И.Ш. ва бошқа маълумотларини, алоқадор юридик шахс ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни акс эттириши лозим.
Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг намунавий шаклларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
- давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими — давлат органларида ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, давлат муассасаларида, давлат унитар корхоналарида, давлат мақсадли жамғармаларида, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида меҳнат шартномаси (контракт) асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган бошқарув ходими;
- ходимга алоқадор шахслар — ходимнинг яқин қариндошлари ҳамда ходим ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса ёхуд унда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс;
- манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият;
- яқин қариндошлар — ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари.
Декларацияда, кўрсатилган маълумотлардан ташқари эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида маълумот бўлиши керак. Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар белгиланиши лозим.
Қонун нормалари қуйидагилар учун амал қилади:
- давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига;
- устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6 декабрдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни имзолаганди. Унга давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилган.
Қонунга кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади.