Ўзбекистонда автомобилга улкан тош қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Венгрия фуқаролари борлиги маълум бўлди. Бу маълумотни Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Тахтақорача довонида жойлашган М-39 Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг 1137-километрида тоғдан қулаган улкан тош Cobalt русумли автомобилни пачоқ қилган. Ҳодиса тахминан соат 16:00 да содир бўлган. Самарқанд йўналишида кетаётган машинадаги уч кишининг барчаси воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси «икки нафар Венгрия фуқаросининг фожиали ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилди».

«Вафот этганларнинг яқинларига ва оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз. Ушбу бахтсиз ҳодиса, афсуски, дунёнинг исталган нуқтасида содир бўлиши мумкин бўлган табиий офат оқибатида рўй берди. Ўзбекистон томони барча тафсилотларни аниқлаш учун синчковлик билан тергов ўтказмоқда. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанларига тез орада қайтаришда тўлиқ ёрдам беришга тайёрмиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Венгрия оммавий ахборот воситалари йўловчилар венгриялик сайёҳлар, ҳайдовчи эса Ўзбекистон фуқароси эканини хабар қилганди.