Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳридаги хусусий клиникада 28 ёшли аёл вафот этди. Ангинасидаги муаммо сабаб ЛОР унга «Сефтракцион» ва «Дексаметазон» препаратлари аралашмасидан инъекция юборган.
Шахрисабзда ангинадан даволаниш жараёнида 28 ёшли аёл вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Dunyouzbeklari.Com’га хабар берди.
2024 йил 6 ноябрь куни Шахрисабз шаҳридаги хусусий клиникага Н.Б. исмли аёл ангинасида муаммо борлиги сабаб борган. Даволаниш жараёнида унинг саломатлиги ёмонлашиб вафот этган.
Маълумотларга кўра, Н.Б.нинг ангинаси ёмонлашгани сабабли ЛОР шифокори Ж.И. томонидан унга «Сефтракцион» ва «Дексаметазон» препаратлари аралашмасидан инъекция юборилган. Инъекциядан сўнг беморнинг тили тортилиб, унинг аҳволи кескин ёмонлашган ва кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шахрисабз шаҳри прокуратураси ҳодиса жойига чиқиб, терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлади. Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.