6 ноябрь куни туш вақтидан сўнг Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 28 ёшли аёл хусусий поликлиникада олган муолажасидан сўнг вафот этди. Бу ҳақда «Dunyouzbeklari.Com»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
У Шаҳрисабз шаҳридаги Kesh Med Sino хусусий поликлиникасига бориб, шифокорга ангинаси шишиб кетгани бўйича мурожаат қилган.
Поликлиниканинг лор шифокори беморнинг томоғи шишиб, йиринглагани сабабли унинг томоқ қисмидан «Цефтриаксон» антибиотиги ва «Дексаметазон» дори воситалари аралашмасидан инъекция юборган.
- Цефтриаксон — кенг таъсир доирасига эга бўлган кучли антибиотик бўлиб, бактерияларга қарши курашишда ишлатилади.
- Дексаметазон — кучли яллиғланишга қарши ва иммунитетни сусайтирувчи таъсирга эга бўлган глюкокортикоид препарат.
Бунинг оқибатида тили тортилиб кетиб, соғлиғи ёмонлашган бемор кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай ҳодиса жойида вафот этган.
Воқеа жойига Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси тергов тезкор гуруҳи етиб бориб, ҳолат рўй берган жойни кўздан кечирган.
Бемор вафоти юзасидан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси терговга кадар текширув бошлади.