• Вт. Дек 3rd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

8 ноябрь куни эълон қилинган энг муҳим янгиликлар дайжести – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com


Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади

Президент насос станцияларидаги маълумотларни жамлаб, таҳлил қилувчи ахборот тизими йўқлигини танқид қилди. Шу сабабли энди Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади ва у худди шундай тизим ишга туширади.


дайжест

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияга киритиладиган маълумотлар рўйхати тасдиқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори буйруғи билан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияга киритиладиган маълумотлар рўйхати тасдиқланди.


дайжест

Ўзбекистонда микробизнес учун қатъий белгиланган айланмадан солиқ ставкалари бекор қилиниши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб айланмадан солиқнинг қатъий ставкалари бекор қилиниши мумкин. Улар 2023 йилда микробизнесни қўллаб-қувватлаш ва солиқ тизимини соддалаштириш учун ягона 4 фоизли солиқ ставкасига муқобил сифатида жорий қилинганди.


дайжест

ЕТТБ ва ЕИ Ўзбекистондаги Voltalia қуёш электр станцияси лойиҳасига 54,5 млн доллардан ортиқ маблағ ажратди

ЕТТБ ва ЕИнинг Европа барқарор тараққиёт жамғармаси Франциянинг Voltalia компанияси томонидан Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш учун асос солинган Sarimay Solar компаниясига 54,6 млн долларгача маблағ ажратди.


дайжест

Ҳукумат тарифлар ошганига қарамай, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялашда давом этмоқчи

2025 йилда давлат бюджетидан электр энергияси, табиий газ нархларидаги тафовутни қоплаш ва иссиқлик корхоналарига субсидиялар учун 12,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Ҳукумат тарифлар ошгани ва 2025 йилда яна ошишига қарамай, газ ҳамда электр энергияси нархларини субсидиялашда давом этмоқчи.


дайжест

Янги рекорд: Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди

Октябрь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари олтин нархининг ошиши фонида яна 2 млрд долларга ошиб, 43,1 млрд долларга етди. Кўрсаткич кетма-кет тўртинчи ой рекордини янгилади. Марказий банк оз миқдорда қимматбаҳо металл сотиб, қимматли қоғозлар харид қилди.


дайжест

Президент: 2025 йил — сув хўжалигида «насослар самарадорлигини ошириш йили» бўлади

Президент сув хўжалигидаги насос станцияларида электр истеъмоли 8,3 млрддан 6,8 млрд кВт/соатга камайганини, лекин бу етарли эмаслигини таъкидлади. У хоразмлик фермерларнинг энергия тежаш борасидаги тажрибасини кенгайтириш, шунингдек, 2 та асосий насос станцияси учун тендер эълон қилишни топширди.


дайжест

Фуқароларнинг мол-мулк солиғи ставкаларини 10 фоизга ошириш режалаштирилмоқда

Солиқ кодексига ўзгартиришлар билан Ўзбекистонда 2025 йилдан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаларини ошириш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини аниқлаш учун биноларнинг минимал солиқ базасини кўтариш кўзда тутилган.


дайжест

Аҳолининг валюта сотиб олиши ва сотиши ўртасидаги ижобий фарқ 4,8 млрд долларга етди — МБ

Январь-сентябрь ойларида банклар аҳолидан сотганидан 4,8 млрд доллар кўпроқ валюта сотиб олди. Ижобий фарқ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробар ошди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда валюта айирбошлаш ҳажми камайди.


дайжест

Сўровнома: Жамоат транспорти аёллар ва эркаклар учун алоҳида ажратилиши керакми?

Жамоат транспортлари аёллар ва эркаклар учун алоҳида ажратилиши керак, деб ўйлайсизми? Кўпчилик бу хавфсизлик ва қулайликни таъминлаши мумкин, деб ҳисоблайди. Баъзилар тиқилинчни бартараф этиш учун бошқа чораларни таклиф қилади. «Dunyouzbeklari.Com» бу борада одамлар фикри билан қизиқди.


дайжест

Бухорода Қизил китобдаги балиқларни овлаганлар табиатга 1 млрд сўм зарар етказди

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида электр қармоқ ёрдамида Қизил китобга киритилган 20 та Туркистон мўйловдорини, шунингдек, яна 25 та зоғорабалиқни овлаган 4 нафар шахс табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ зарар етказди.


дайжест

Тошкент метрополитенининг яна 9 та бекатида жамоат ҳожатхонаси қурилади

Тошкент метросининг гавжум бўлган 9 та бекатида она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхона қурилади. Метродаги биринчи жамоат ҳожатхонаси 2022 йилда очилганди.


дайжест

Дам олиш кунлари ҳаво нисбатан совуқ бўлади

Ўзбекистон бўйлаб дам олиш кунларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 0…+5, кундузи +8…+15 даража атрофида бўлади.


дайжест

Тахтақорача довонида машинага тош қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Венгрия фуқаролари ҳам бўлган

Тахтақорача довонида тоғдан улкан тош автомобилга қулаши оқибатида уч киши, жумладан, икки нафар Венгрия фуқароси ҳалок бўлди. Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси чуқур таъзия изҳор этиб, марҳумларнинг жасадларини ватанига қайтаришда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.


дайжест

ДХХ 4 та вилоятда ижарага берилган ер майдонларини ноқонуний сотганларни қўлга олди

ДХХ Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятида ноқонуний ер сотиш ҳолатларини аниқлади. Андижондаги ҳолатда корхона раҳбари ва тадбиркор келишиб, иссиқхонага ажратилган ерни коттеж қуришга мослаб бериш эвазига харидордан $230 минг сўрагани маълум бўлди. Улар олдиндан $30 минг олганида ушланди.


дайжест

Тошкентда Tracker бутунлай ёниб кетди

Мирзо Улуғбек туманида Tracker автомобилида ёнғин содир бўлди. Машина тўлиқ ёниб кетган, жароҳатланганлар йўқ.


дайжест

ФВВ фуқароларга ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берди

Ўзбекистонда 2022 йилда ис гази билан боғлиқ бўлган 84 та ҳолат 120 нафардан кўпроқ одамнинг ўлимига олиб келди. 2023 йилда шу каби 46 та, 2024 йилдан ҳозиргача 32 тадан кўп ис гази чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. ФВВ аҳолига ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берди.


дайжест

Дам олиш кунлари Тошкентда қаерларга бориш мумкин? (9−10 ноябрь)

Тўққизта кинопремера, анъанавий арт-бозор, ижодий маҳорат дарслари, театр томошалари, концертлар, болалар учун кўнгилочар шоулари, дўконлардаги чегирмалар, кўргазмалар ва дам олиш кунларидаги бошқа тадбирлар — Afisha.uz жамланмасида.


дайжест

Қашқадарёда 28 ёшли бемор хусусий поликлиникада олган муолажасидан сўнг вафот этди

Шаҳрисабз туманида томоғи шишганидан шикоят қилиб хусусий поликлиникага борган 28 ёшли аёл олган муолажасидан сўнг вафот этди. Маълум бўлишича, шифокор унга «Цефтриаксон» антибиотиги ва «Дексаметазон» препарати аралашмасидан инъекция юборган. Ҳозирда ўлим ҳолати бўйича тергов ишлари кетмоқда.


дайжест

Шаҳарлараро автобус йўналишларида зарарларни қоплаб бериш режалаштирилмоқда

Шаҳар атрофи ва вилоят ичидаги шаҳарлараро мунтазам норентабель автобус йўналишларида етказилган зарарни қоплаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламенти тасдиқланди.


дайжест

«Ватан фақат ғалабага эришилгандагина севилмайди» — Байден Трампнинг ғалабаси ҳақида

АҚШ президенти Жо Байден президентлик сайловларидан кейин халққа мурожаатида ҳокимият Дональд Трампга «тинч ва тартибли» ўтишини таъминлашини айтди. «Биз мамлакат танловини қабул қиламиз», — деди у.


дайжест

Бир кечада Украинага юзга яқин дрон ҳужум қилди

Ўтган суткада Россиянинг Украинага ҳужумлари оқибатида 65 дан ортиқ киши жароҳатланди. Харьковда турар жой биносининг уч қавати вайрон бўлди. Запорожье шаҳрида ҳам кўп қаватли уйга зарар етказилди, 9 киши, жумладан, бир ёшли бола ҳалок бўлди, шаҳарда мотам эълон қилинди.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *