Тошкент шаҳрида 8 ноябрь куни экскаватор газ қувурига шикаст етказди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги. Иккита туман аҳолиси қисман газдан узилди.
Маълум бўлишича, Яккасарой тумани Бобур кўчасида қазиш ишларини олиб бораётган экскаватор иш жараёнида ўрта босимли газ қувурини узиб юборган.
Бунинг оқибатида шу туманда жойлашган кўп қаватли бинолардаги 2400 та ва 1100 та ерли хонадон, шунингдек, Миробод туманининг Нукус, Абдулла Қаҳҳор, Дамариқ ва Ҳамид Сулаймон кўчалари истеъмолчилари вақтинча табиий газ тармоғидан ўчирилган.
Энерговазирлик таъмирлаш ишлари якунлангач табиий газ таъминоти босқичма-босқич тикланишини маълум қилди.