Тахтақорача довонида машинани тош босиши оқибатида ҳалок бўлганлар орасида 2 нафар Венгрия фуқароси бўлгани аниқланди.
Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи йўлда машинани тош босгани ҳақида хабар берилганди. Венгриядаги элчихона ахборот хизмати ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.
Давонининг 1137 километрида 3 нафар йўловчи ичида бўлган Cobalt устига тепаликдан тош тушиб кетганди. Оқибатда машина ичидаги 3 киши воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ўзбекистон элчихонасига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 2 киши Венгрия фуқароси бўлган. Элчихона вафот этганларнинг оиласига ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, марҳумларнинг жасадларини ватанга қайтаришда ёрдам беришини айтди.
«Ўзбекистон Республикасининг Венгрияда элчихонаси «Китоб-Самарқанд» йўлида Қашқадарё вилоятида тошлар қулаб тушиши натижасида икки нафар Венгрия фуқаросининг фожиали ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилди.
Вафот этганларнинг яқинларига ва оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз. Ушбу бахтсиз ҳодиса, афсуски, дунёнинг исталган нуқтасида содир бўлиши мумкин бўлган табиий офат натижасида рўй берди. Ўзбекистон томони барча тафсилотларни аниқлаш учун синчковлик билан тергов ўтказмоқда. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанларига тез орада қайтаришда тўлиқ ёрдам беришга тайёрмиз», дейилади хабарда.