Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси октябрь ойида ўтказган йиғилишларда 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди, дея хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.

Қўмита мазкур ойда жами 8 та йиғилиш ўтказиб, 32 та масалани кўриб чиққан ва тегишли қарорлар қабул қилган. Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 16 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (4 та), микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни қайта расмийлаштириш (1 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатига олиш (3 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқишга доир (8 та) масалалар кўриб чиқилган.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 16 та масала — Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, шунингдек, тижорат банклари ва микромолия ташкилотида ўтказилган ўрганиш ва текширишлар натижалари ҳам муҳокама қилинган.

Марказий банк томонидан ўтказилган ўрганиш ва текшириш натижаларида аниқланган қоидабузарликлар учун 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланган.

Шунингдек, 2 та тўлов ташкилоти ва 2 та тўлов тизими оператори тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдори ва ташкилий-ҳуқуқий шаклига қўйилган талабларни бажармагани, 4 та тижорат банки эса хавфсизликни таъминлаш ва автоматлаштирилган банк тизимларида ахборотларни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишда хатоликларга йўл қўйгани аниқланган. Регулятор уларга нисбатан чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирган.