Ўзбекистонлик шахматчи Афруза Ҳамдамова ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди.
Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Афруза Ҳамдамова яна бир тарихий натижага эришди. Бу ҳақда Шахмат федерацияси хабар берди.
Афруза Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг 16 ёшгача қизлар гуруҳида муддатидан аввал ғалаба қозониб, 2 карра жаҳон чемпионига айланди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ҳамдамова Италияда ўтказилган 14 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиб, аёллар орасида Ўзбекистонлик биринчи жаҳон чемпионига айланганди.