Ўзбекистонда аҳолининг валюта сотиб олиши ва сотиши ўртасидаги ижобий фарқ ўсишда давом этмоқда. Бу Марказий банкнинг статистик бюллетенида келтирилган.
Тўққиз ой якунига кўра, банклар жисмоний шахслардан 11,76 миллиард долларлик валюта сотиб олиб, 6,9 миллиард долларга сотган. Сотув ва харид ўртасидаги фарқ 4,86 миллиард долларга етган, бу 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан (2,1 миллиард доллар) 2,3 баробар кўп.
Апрелда аҳолининг валюта сотиб олиши ва сотиши ўртасидаги энг кичик фарқ қайд этилган — 305,4 миллион доллар. Максимал фарқ сентябрь ойида кузатилганди — 821,9 миллион доллар (сотиб олиш — 1,53 миллиард доллар, сотиш — 713,5 миллион доллар), бу камида охирги беш йилдаги энг юқори кўрсаткич.
Сўнгги марта олди-сотди ўртасида салбий фарқ 2023 йилнинг январида (-24,6 миллион доллар) кузатилган.
Январь-сентябрь ойларида юридик шахслар ўртасида валюта айирбошлаш ҳажми 18,2 миллиард долларни ташкил этди, бу 2023 йилнинг тўққиз ойидагига (18,28 миллиард доллар) нисбатан 0,4 фоизга кам. Бунгача кўрсаткичда ўсиш кузатилган — 2021 йилнинг биринчи чораги (8,98 миллиард доллар) ва 2022 йил (14,2 миллиард доллар).
Биржада 5,3 миллиард долларлик валюта сотилди ва 12,88 миллиард долларлик сотиб олинди. Салбий фарқ 7,56 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига (-9,74 миллиард доллар) нисбатан 22,3 фоизга кам.
Эслатиб ўтамиз, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 34,8 фоизга ошган — 11,3 миллиард долларгача. Жанубий Корея, Буюк Британия, Польша ва БААдан тушумлар кескин ўсган, Россия улуши эса пасайишда давом этмоқда.
31 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида МБ раиси Мамаризо Нурмуратов олтинсиз экспорт ҳажми (15,5%) ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг (34,8%) юқори суръатларда ўсиши ички валюта бозорида мувозанатни таъминлаб, миллий валютада жамғаришни янада рағбатлантириш ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш имконини бераётганини таъкидлаганди.