Давлат раҳбари тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига байрам табриги йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Қадрли тиббиёт ходимлари!
Аввало, ўз ҳаётини инсон саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз азизлар – фидойи шифокор ва ҳамшираларни, соҳа фахрийларини касб байрамингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Барчамиз яхши тушунамизки, эл-юрт саломатлиги – жамиятнинг бебаҳо бойлигидир. Тинчлик ва соғлиқ бўлган жойда албатта ўсиш ва ўзгариш, бахтли ва фаровон ҳаёт бўлади.
Шу маънода, Янги Ўзбекистонимиз эришаётган катта ютуқларда, инсон капиталини ривожлантиришда жонкуяр тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссасини эътироф этиб, уларга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди.
Азиз дўстлар!
Кейинги йилларда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли соғлиқни сақлаш тизимида ҳам туб ўзгаришлар юз бермоқда.
Аввало, ажратилаётган бюджет маблағларининг бир неча бор кўпайтирилгани, хусусий сектор ривожига кенг йўл очилаётгани туфайли соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда, хизматлар тармоғи кенгайиб, соғлом рақобат муҳити шаклланиб, сифат ва самарадорлик ошмоқда. Диагностика ва даволаш амалиётига илғор замонавий технологиялар фаол жорий этилмоқда.
Барча ижтимоий хизматлар қатори тиббиётни ҳам халқимизга янада яқин қилиш учун малакали даволаш ва профилактика тизимини хонадонларгача олиб кириш чоралари кўрилмоқда.
Шу мақсадда бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолияти янгиланмоқда. Ушбу бўғинда биринчи навбатда касалликларнинг олдини оладиган, уларни келтириб чиқарадиган сабабларга қарши курашадиган механизмларни жорий этиш бошлангани ҳам шундан далолатдир.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишни маҳаллабай, манзилли ва аниқ мақсад асосида таъминлаш бўйича янгича тажриба қўлланмоқда. Тизимда “Электрон поликлиника”, “Электрон рецепт” дастурлари жорий этилмоқда. Бунинг учун патронаж ходимлари халқаро стандартлар асосида ўқитилмоқда.
Тез тиббий ёрдам тизими автоматлаштирилган электрон бошқарувга ўтказилиб, хорижда ишлаб чиқарилган 1 000 та махсус замонавий автомобиль билан таъминланди.
Ихтисослашган тиббий хизмат ҳам аҳолига яқинлаштирилмоқда. Бу йўналишда диагностика усуллари 500 дан, даволаш усуллари эса 800 дан ошгани эътиборлидир.
Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида донордан олинган суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси, Кардиология марказида мураккаб эндоскопик жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди.
Миллий тиббиёт маркази шифокорлари томонидан олис туманларда Европадан келтирилган кўчма кардиожарроҳлик мажмуасида мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилмоқда.
Азим пойтахтимизда тиббиёт соҳасидаги ноёб мега лойиҳа сифатида барпо этилган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказининг янги замонавий мажмуасида сўнгги намунадаги асбоб-ускуна ва шароитлар асосида касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш ҳажми бир неча баробар ошади. Энг муҳими, юртдошларимиз ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб, чет элдаги даволаш марказларига бориш ташвишидан қутулади.
Ҳеч шубҳасиз, тиббиёт соҳасидаги ютуқларимиз халқаро миқёсда эътироф этилаётгани барчамизни қувонтиради. Болалар миллий тиббиёт маркази халқаро сертификатни қўлга киритгани, Хирургия марказида халқаро сифат стандартлари жорий этилгани, мамлакатимиз гепатит В га қарши курашишда минтақавий мақсадли кўрсаткичларга эришгани тасдиқлангани шулар жумласидандир.
Албатта, барчамизнинг биргаликдаги меҳнатимиз маҳсули бўлган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Яқинда давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этишга оид қарор имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, тизим доирасидаги бепул тиббий хизматлар ва дори-дармонлар харажатлари давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан қопланиши белгиланди.
Аҳоли саломатлигига эътиборни кучайтириш орқали инсон қадрини ошириш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган бундай муҳим ишларни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.
Мухтасар айтганда, тиббиётни янада халқчил соҳага айлантириш, одамларни ушбу тизимдан рози қилиш масаласи доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Бу борадаги вазифаларни муваффақиятли адо этишда муқаддас қасамёдига содиқ сиз, заҳматкаш ва олижаноб тиббиёт ходимлари ўзингизни аямасдан, бой билим, маҳорат ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман.
Буюк Ибн Сино бобомиз анъаналарининг муносиб давомчилари бўлган сиз, азизларни Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, шарафли фаолиятингизда янги ютуқлар тилайман», дейди Президент.