• Вт. Дек 3rd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ДХХ вилоятлар ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганларни қўлга олди



Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари рейд давомида Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Тожикистондан келтирилган наркотик моддаларни мусодара қилди. Бу ҳақда Telegram`даги Xavfsizlik каналида хабар берилди.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида 28 ёшли навоийлик шахснинг вақтинча яшаб келган уйидан 1 кг 995 гр «героин» моддаси, 143 гр «Мефедрон» ҳамда 3 литр суюқ «Мефедрон» синтетик наркотик, қадоқлаш воситалари, электрон тарози ва бошқа ускуналар топилди.

Шунингдек, унинг мижозларга сотиш учун Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги хуфия жойларга яшириб кетган 6 та закладкалардан жами 1 кг 296 гр «Мефедрон» ҳам олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситаларини қозоғистонлик ва тожикистонлик наркосавдогарлар контрабанда йўли билан Ўзбекистонга етказиб берган.

Бошқа ҳолатда эса «Самарқанд-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган Nexia Сирдарё вилоятининг «Сирдарё» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада унинг ичидаги 45 ёшли муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган зангиоталик йўловчида 1 кг 641 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланди. Моддалар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Терговга қадар текширувда у наркотик моддани Самарқандлик 45 ёшли муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлиги учун судланган фуқародан 10 минг долларга сотиб олганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида кузатилган ҳолатда Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи 64 ёшли шахс Тожикистондан келтирилган 901 гр «опий» моддасини 8 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланишича, мазкур шахс муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги «Умакай» ЙПХ масканида сурхондарёлик фуқаронинг Lacetti машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Автомашинанинг орқа ўриндиғи остига Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 265 гр «опий» ва 1 кг «гашиш» гиёҳвандлик воситалари яшириб қўйилганлиги аниқланди.

Хоразм вилоятида ҳам Тожикистондан олиб келинган гиёҳвандлик воситаларининг вилоят ҳудудида сотилгани аниқланди. Унда самарқандлик 60 ёшли муқаддам гиёҳвандлик воситалари сотганлиги учун 2 маротаба судланган шахс Урганч шаҳрида ушланиб, унинг қўл сумкасида бўлган 989 гр «опий» моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Бошқа ҳолатда эса Сурхондарёдан Хоразмга кетаётган Cobat автотранспорт воситаси Тупроққалъа туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомашинада кетаётган 67 ёшли сурхондарёлик йўловчи ҳамда унинг 34 ёшли келинидан 993 гр. «гашиш» моддаси олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *