• Вт. Дек 3rd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Хуррам султон роли билан танилган, томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири


Ваҳиде Перчин машҳур турк актрисаси бўлиб, турдизи мухлисларининг аксарияти уни “Муҳташам юз йил” сериалидан кейин билишган. Ватанида актриса алоҳида ҳурматга сазовор — у ҳозирги замон кинематографиясининг энг кўзга кўринган арбобларидан бири ҳисобланади.

Ваҳиде Перчин 1965 йил 13 июнда Туркиянинг Измир шаҳрида туғилган. Актрисанинг онаси уй бекаси, отаси эса ҳайдовчи эди. Оилада ҳеч ким Ваҳиде актриса бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ўсмирлик даврида Перчин графика ва дизайнга қизиқади, аммо мактабни тугатгач Измир иқтисодиёт университетига ўқишга киради. Бироқ қиз нафис санъат олами уни ўзига жалб этаётганини тезда тушунади. Айнан шунинг учун у иккинчи курсда Эйюл Докус университетига ўқишини кўчиради. Унинг бу ердаги ўқитувчиси ўз шогирдидан жуда фахрланиб юрадиган машҳур Ўздемир Нутку эди. Айнан унинг тавсиясига кўра, Перчин дастлаб Аданга, кейин эса Истанбулга кўчиб ўтади.

Ижодий йўли

2003 йилгача Ваҳиде Перчин Аданада яшаб, маҳаллий театрда рол ўйнаган. Истанбулга кўчиб ўтгандан сўнг кинода ҳам дебют қилади. Ваҳиде “Ишқ эртаги” сериалида рол ўйнайди. Туркиялик томошабинлар етук ва тажрибали актрисани илиқ кутиб олишади.

Деярли ҳар йили у янги лойиҳаларда суратга тушиб, доимий равишда томошабинлар эътирофига сазовор бўлади. 2011 йилда Перчин “Уни Фериҳа деб чақирардим” сериалида рол ўйнайди ва айнан Заҳра роли унга машҳурлик олиб келади. Аммо “Муҳташам юз йил” сериалидаги Хуррам султон роли билан дунёга машҳур бўлади. Бироқ актрисаларнинг ўзгариши кўплаб томошабинларнинг норозиликларига сабаб бўлади.

2016 йилда Ваҳиде Перчин “Менинг онам” турк драмасида бош роллардан бирини ўйнайди. Ушбу сериал дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳақиқий ҳитга айланади. Айнан Гунул Аслан роли актрисага нафақат Хуррам амплуасидан, балки “Муҳташам юз йил” мухлисларининг эътирозларидан ҳам қутулишга ёрдам беради.

2018 йилда Перчин “Бир куни Чукуровада” сериалига таклиф қилинади. Икки йил ўтгач, у “Ёлғон” фильмида бош ролни ўйнайди. 2024 йилда эса “Шокир Пошо сулоласи: мўжиза ва жанжаллар” янги сериалида суратга тушиш учун шартнома имзолайди.

Ваҳиде Перчин “Эшик”, “Кўчиш вақти”, “Айхан хоним”, “Салом ҳаёт”, “Зефир”, “Инқилоб машинаси” каби фильм ва сериалларда рол ўйнаган.

У 2021 йилдан 2024 йил октябригача Туркия актёрлари касаба уюшмаси директори лавозимида ишлаган. Шу билан бирга, Перчин вақти-вақти билан театрда ҳам ишлаган. Ваҳиде бутун умрини санъатга бағишлади.

Ваҳиде Перчин “Муҳташам юз йил”да

2013 йилда Перчин “Муҳташам юз йил” сериалида суратга тушиш учун шартнома имзолади. У лойиҳани тарк этган Марьям Узерли ўрнини эгаллайди. Туркиялик актриса бу ролни ижро этишга мажбур бўлганига қарамай, сериал мухлислари уни душманларча кутиб олишади. Турдизи юлдузи бир неча ой давомида ҳақорат ва камситишларга учрайди. Интервьюда у уйига даҳшатли хатлар келганини айтиб ўтади. Бироқ барча қийинчиликларга қарамай, Ваҳиде суратга тушишни давом эттиради.

Натижада томошабинларнинг кўпчилиги нафақат янги Хуррамни қабул қилади, балки Ваҳиде ижросидаги Роксолананинг янада донороқ, вазминроқ ва хавфлироқ чиққанини эътироф этишади. Актриса ўзи “Муҳташам юз йил” ижодкорларига ушбу сериалда рол ўйнаш имконияти учун бир неча бор миннатдорлик билдирди. Гарчи нафрат қалбига оғир ботгани билан, айнан шу нарса унга суратга тушиш учун куч берганини тан олади. 

Саратонга қарши кураш

“Уни Фериҳа деб атардим” сериалининг суратга олиш пайтида Ваҳиде тез-тез ўзини нохуш ҳис қила бошлайди. У шифокорларга мурожаат қилгач, кенг қамровли текширувдан сўнг унга даҳшатли ташхис қўйилади — кўкрак бези саратони. Бироқ актриса касаллик билан курашишга қатъий жазм қилади.

Бир ярим йил давомида у 37 марта нур терапияси ва 16 марта кимётерапия курсидан ўтади. Перчин шифокорларнинг барча кўрсатмаларига қатъий риоя қилади, натижада барқарор ремиссияга эришишга муваффақ бўлади. У айнан Хуррам роли билан кинога қайтади.

Шахсий ҳаёти

1991 йилда актриса ҳамкасби Алтан Гердумга турмушга чиқади. Уч ойлик танишувдан кейин муносабатларини никоҳ ришталари билан боғлайдилар. Айтганча, Ваҳиде турмуш ўртоғининг фамилиясини олган, шунинг учун унинг дастлабки кино лойиҳаларида у Ваҳиде Гердум сифатида кўрсатилган. Уч йил ўтгач, уларнинг қизи туғилади — унга Ализа деб исм қўйишади. У ота-онасининг изидан бориб, актриса бўлди. 2013 йилда Ваҳиде ва Алтан ажрашишади, аммо ажойиб муносабатларни сақлаб қолишади. Ўшандан бери актриса ўз шахсий ҳаётини ҳеч қачон эълон қилмайди ва уни бегона кўзлардан эҳтиёткорлик билан ҳимоя қилади.

Ваҳиде Перчин ҳозирда

Ваҳиде Перчин — ҳақиқий заҳматкаш аёл. У нафақат кинода рол ўйнашни давом эттирмоқда, балки жамоат ва хайрия ишларига ҳам бефарқ эмас. Шунингдек, у оиласи билан бирга бўлишни, китоб ўқишни ёки пиёда сайр қилишни афзал кўради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *