• Вт. Дек 3rd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Транскаспий транспорт йўлаги Марказий Осиёнинг иқтисодий интеграцияси учун имконият яратади» — ИҲТТ вакили



Тошкентда бўлиб ўтган Европа иқтисодиёти кунлари давомида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) раҳбарлигида Транскаспий транспорт йўлаги бўйича сессия бўлиб ўтди. У логистика ва минтақавий ҳамкорликка бағишланган бўлиб, унда савдо экспертлари ва давлат идоралари вакиллари иштирок этди.

Европа комиссиясининг халқаро ҳамкорлик бўйича Бош директори бош маслаҳатчиси Ҳенрик Ҳололейнинг сўзларига кўра, денгизга чиқиш имкони бўлмаган Ўзбекистон учун Транскаспий транспорт йўлаги муҳим ривожланиш омили ҳисобланади.

««Ушбу транспорт тармоғи орқали биз минтақани Европа билан боғлашимиз мумкин. Бундай йўлакларни узлуксиз ва самарали бошқариш ривожланиш учун янада кўпроқ имкониятлар яратишга ёрдам беради. Ўзбекистондан ташқари, Туркманистон ҳам ушбу тармоқда жуда муҳим мамлакатга айланиши мумкин. Бу бизнинг мамлакатлар ўртасида божхона алоқаларини ўрнатишимизга ва чегараларни кесиб ўтиш учун ишончли ва функционал тизимлар яратишга имкон беради», — деди Ҳенрик Ҳололей.

ИҲТТ Евроосиё бўлимининг бош сиёсий таҳлилчиси ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Грегори Леконте ташкилотнинг 2025 йилга мўлжалланган режалари ҳақида гапирди.

«Биз юк ташиш соҳасида нималар амалга оширилгани, бугунги кунда нималар қилинаётгани, қандай ютуқлар борлиги ва ҳозирда қандай муаммолар мавжудлигини ўрганамиз. Ҳозир биз минтақанинг бешта давлатида хусусий сектор вакиллари ўртасида сўров ўтказмоқдамиз, унда 50 га яқин компания иштирок этмоқда. Биз Марказий Осиё давлатларининг ҳар бир ҳукумати хусусий секторни қандай қўллаб-қувватлаётганини кўриб чиқамиз. Ушбу тадқиқотнинг мақсади — ҳар бир давлатнинг устувор йўналишларига чуқур кириб борган ҳолда, минтақадаги давлатлар учун аниқ тавсиялар беришдан иборат», — дея таъкидлади у.

Хусусий сектор билан ўзаро ҳамкорлик натижаларига кўра, 2025 йилнинг ёзига қадар минтақадаги ҳар бир мамлакат бўйича хулосаларни ўз ичига олган ҳисобот тайёрланади.

«Биз айниқса Ўзбекистон билан қизиқмоқдамиз, чунки у глобал қиймат занжирига камроқ интеграциялашган Марказий Осиё мамлакати, аммо [Европа иқтисодиёти кунлари давомида] биз Ўзбекистон минтақадаги етакчи ислоҳотчи ва ЖСТга қўшилиш йўлида эканлиги ҳақидаги даъвога рози бўлдик», — деди ИҲТТ вакили.

Биз Транскаспий йўлагини алоҳида қўшимча йўллар яратмасдан фойдаланишга имкон берадиган дурдона сифатида қабул қилишимиз керак. Биз бу йўлак улкан салоҳиятга эга эканлигини кўряпмиз. Айниқса, агар у минтақани иқтисодий интеграция қилиш, божхона жараёнларини енгиллаштириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган имкониятга айланса,дея қўшимча қилди Грегори Леконте.

Мутахассис минтақада савдо жуда тез суръатларда ўсиб бораётгани, инфратузилма эса унга етиб бормаётгани ҳақида хавотир билдирди. Шунингдек, рақамли технологияларга ҳам эътибор қаратиш кераклигини қўшимча қилди.

«Агар сиз жараёнларни рақамлаштирсангиз, масалани енгиллаштирган бўласиз. Шунинг учун савдо жараёнлари тизимини ислоҳ қилиш, биринчи навбатда, ана шундай ташаббусларга боғлиқ», — таъкидлади Грегори Леконте.

ИҲТТ вакили камчиликлар орасида минтақадаги ҳамкорликнинг паст даражаси, айниқса, дастурий таъминот ва маълумот алмашишдаги муаммоларни кўрганини сўзлади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Транспорт йўлаклари бошқармаси бошлиғи Даврон Дехканов сўнгги 5 йилда Ўзбекистон ва ЕИ давлатлари ўртасидаги товар айланмасининг деярли икки бараварга ошганини ва 2023 йил якунларига кўра бу кўрсаткич тахминан 6 миллиард тоннага етганини маълум қилди.

— Ўзбекистонда халқаро юк ташиш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Йиллик ўсиш 10% дан ортиқ. 2023 йил якунига кўра транзит юк ташиш ҳажмининг ўсиши 12 фоизни ташкил этди. Ўзбекистондан Европа Иттифоқи мамлакатлари йўналиши бўйича ташиладиган экспорт юкларининг асосий оқими Транскаспий транспорт йўлаги бўйлаб — Туркманистон орқали ўтувчи жанубий йўналиш ва Қозоғистон орқали ўтувчи ўрта йўналиш бўйлаб амалга оширилмоқда», — деди Даврон Дехканов.

Транспорт йўлаклари бўлими бошлиғи Марказий Осиё давлатлари инфратузилмани яхшилаш, ҳаблар ва эркин савдо зоналарини барпо этиш бўйича иш олиб бораётганини таъкидлади.

Даврон Деҳқанов жорий йилда Каспий ва Қора денгиз портлари орқали Ўзбекистонни Европа бозорлари билан боғловчи логистика тармоғининг бир қисми бўлган 200 километрлик Қўнғирот-Бейнеу автомобиль йўли реконструкция қилинганини ва фойдаланишга топширилганини эслатди. Ҳозирда Қозоғистонга йўналишни қисқартирувчи Учқудуқ-Қизилўрда темир йўли ва автомобиль йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари ўрганилмоқда. Мутахассис Тошкентдан Самарқанд ва Андижонгача пулли йўллар қурилишини ҳам айтиб ўтди.

Муҳокамада хусусий сектор ҳам иштирок этди. Grand Evrasia Group компанияси вакили юк ташиш соҳасидаги коррупция билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирди.

«Биз логистика, жумладан, Ўзбекистондан Европага борувчи йўналишда ҳам шуғулланамиз. Сўнгги уч йил давомида биз Афғонистон ва Покистон портлари орқали ташишни ривожлантирмоқдамиз. Бизнинг ишимизда автомагистралларда муаммолар мавжуд. Масалан, Қозоғистонда бўлиб, Ўзбекистонга юк олиб кираётганимизда маҳаллий ишчиларни ҳужжатларнинг бор-йўқлиги, божхона расмийлаштируви тартиби қизиқтирмайди. Кутувчилар навбати фақат сунъий йўллар орқали ҳаракатга келиши мумкин. Агар пул тўласангиз, чегарани тезроқ кесиб ўтасиз. Акс ҳолда у ерда камида бир ҳафта кутиб қолишингиз мумкин», — деди компания вакили.

Бу уларнинг қоидалари, улар ўзлари ўйлаб топишган. Ҳеч қандай давлатлараро келишувлар бу муаммони ҳал қилишга ёрдам бермайди. Бизга инсон омили таъсирини бартараф этиш механизми керак, дея қўшимча қилди логистика компанияси ходими.

Ўзбекистон ҳукумати вакиллари Қозоғистон Транспорт вазирлиги билан ушбу масалалар бўйича тез-тез учрашувлар ўтказилаётганини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, Қозоғистон божхона тузилмалари иштирокидаги сўнгги йиғилишда қозоқ-ўзбек чегараларидаги навбатлар масалалари муҳокама қилинган.

Ҳукумат вакиллари божхонада қоидаларга зид ҳолатлар учраб туришини тасдиқлади. Уларнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Қозоғистон электрон навбат тизимини жорий қилган, Ўзбекистон эса бундай тизимни жорий этиш йўлида. Икки давлат ўртасида ахборот алмашинувини яхшилаш режалаштирилмоқда, бу эса чегарадаги юк навбатлари билан боғлиқ вазиятни ижобий томонга ўзгартиради.

6−7 ноябрь кунлари Тошкентда Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (ЭУРОУЗ) томонидан ташкил этилган Европа иқтисодиёти кунлари бўлиб ўтди. «Dunyouzbeklari.Com» унда ахборот ҳамкори сифатида ишлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *