АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Дональд Трамп ғалаба қозонган президентлик сайловидан сўнг халққа мурожаат билан чиқди.
У Трампни ғалаба билан табриклаш учун унга қўнғироқ қилганини ва республикачини ҳокимиятнинг «тинч ва тартибли» ўтишига ишонтирганини айтди.
«Биламан, баъзилар учун бу ғалаба вақти. Бошқалар учун бу — мағлубият. Кампаниялар — рақобатлашувчилар мусобақаси. Мамлакат у ёки буни танлайди. Биз мамлакат танлаган йўлни танлаймиз. Кўп марта айтдимки, фақат ғалаба қилганингдагина ўз мамлакатини севишинг мумкин эмас. Қўшнингни фақат у билан келишганингда севиш тўғри эмас», — деди Байден.
У АҚШ халқининг Америка сайлов тизимининг яхлитлиги масаласига якун ясашига умид билдирди. «У ҳалол, адолатли ва шаффофдир. Биз ютамизми ёки ютқазамизми, унга ишониш мумкин», — дея таъкидлади Байден.
Оқ уй раҳбари сайловолди пойгасидан чиққанидан кейин унинг ўрнини эгаллаган вице-президент Камала Ҳаррис билан суҳбатлашганини айтди. «У илҳомлантирувчи кампания ўтказди ва ҳамма мен бошиданоқ ҳурмат қилган нарсани кўрди: унинг характери», — деди Байден.
Амалдаги президент ўз жамоаси аъзолари ва Демократик партиядаги сафдошларига ҳам мурожаат қилди. «Биламан, бу қийин давр. Сизга оғир. Мен сизни эшитяпман ва кўриб турибман. Аммо биз эришган барча ютуқларни унутманг. Бу тарихий президентлик эди, лекин мен президент бўлганим учун эмас, биз қилганимиз, сиз қилганингиз учун», — деди АҚШ президенти.
Камала Ҳаррис ҳам 7 ноябрь куни мағлубиятини расман тан олиб, тарафдорлари олдида чиқиш қилди. У жамоасига, турмуш ўртоғига, шунингдек, президент Жо Байденга қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди ва «ўтказган пойгасидан жуда фахрланишини» айтди.
«Америка демократиясининг асосий тамойили — агар биз сайловда ютқазсак, натижаларни тан оламиз. Бу тамойил демократияни монархия ёки тираниядан ажратиб туради. Одамлардан ишонч хоҳлаган ҳар киши буни ҳурмат қилиши керак», — деди у.
«Биламан, кўпчиликка қора кунлар яқинлашаётгандек туйиляпти, лекин бизнинг умумий фаровонлигимиз учун, умид қиламанки, бундай бўлмайди», — деб таъкидлади Ҳаррис.
«Бу сайловдаги мағлубиятни тан олсам-да, кампания курашидаги — эркинлик, имкониятлар, адолат ва барча одамларнинг қадр-қиммати учун курашдаги мағлубиятни тан олмайман. Миллатимиз асосини ташкил этувчи, Американи энг яхши тарзда акс эттирадиган идеаллар учун кураш. Бу мен ҳеч қачон воз кечмайдиган кураш», — дея таъкидлади Ҳаррис.
«Ҳозир қўл қовуштиришнинг вақти эмас. Ҳозир енг шимариш вақти. Ҳозир эркинлик, адолат ва биз биргаликда қуришимиз мумкин бўлган келажак учун уюшиш, сафарбарлик қилиш ва иштирок этиш вақти», — деди у сўзининг якунида.
- 5 ноябрь куни АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Уларнинг ғолиби Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп бўлди. У 120 йилдан ортиқ вақт давомида бу лавозимни кетма-кет икки муддат эгаллаган биринчи президентдир.