Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари куни муносабати билан тиббиёт вакилларига давлат мукофотлари топширилди.
Ўзбекистонда ҳар йил ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланади. Ушбу байрам муносабати билан бугун мамлакатда байрам тадбири ўтказилди.
Тантанали маросимда Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳасида меҳнат қилиб келаётган фидоий тиббиёт ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирилди. Табрикда янги Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришда тиббиёт ходимларининг муҳим ўрни қайд этилган ҳамда мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида сўз борган.
Президент ўз табригида тиббиёт соҳасини халқчил соҳага айлантириш ва аҳолини ушбу тизимдан рози қилиш устувор вазифа эканини таъкидлаган.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлари учун бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлат мукофотлари — орден ва медаллар билан тақдирланди. Бугунги тадбирда ушбу мукофотлар Тошкент шаҳар ҳокими ва соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчиси томонидан тантанали тарзда ўз эгаларига топширилди.