Покистонда Балужистон провинциясининг маъмурий маркази Кветта шаҳридаги темирйўл вокзалида бомба портлади. Reuters нашрининг хабар беришича, камида 25 киши ҳалок бўлган, 40 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Балужистон полицияси бош инспектори Музам Жа Ансарийнинг сўзларига кўра, портлаш нишони ҳарбий хизматчилар бўлган. Унинг маълум қилишича, ярадорларнинг аҳволи оғир, 44 нафар ярадор касалхонага етказилган. CNN маълумотларига кўра, камида 53 киши жароҳатланган.
Портлаш Пешоварга кетаётган экспресс жўнашга тайёрланаётган пайтда содир бўлган.
Ҳодиса учун жавобгарликни провинция мустақиллиги учун курашувчи қўзғолончи гуруҳ — Балужистон озодлик армияси ўз зиммасига олган. У Покистон, АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва Хитойда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.