Курск вилоятидан Давлат думаси депутати Екатерина Харченко илгари уй-жой билан таъминлашда ёрдам сўраган вилоятнинг эвакуация қилинган аҳолиси учун янги йил фотосессиясини ташкил қилишни таклиф этди.
“Келинглар, Суджанский, Кореневский, Рилский, Глушковский ва бошқа туманлардаги уй-жойларидан айрилган ватандошларимизнинг оилаларига биргаликда Янги йил мўжизасини совға қилайлик. Ахир у ерда, эски фотоальбомларда, уларнинг қалбини иситадиган хотиралари бор эди”, дея Харченко фотографлар ва фотостудия эгаларига мурожаат қилди.
Депутат режасига кўра, фотокитоблар уй-жойсиз қолган фуқаролар учун “Янги йил мўжизаси”га айланиши керак.
“Биз уйларидан, оилавий фотоальбомларидан, ўз оиласининг ўтмишини эслатувчи барча нарсаларидан айрилган Курск аҳолиси учун янги тарих яратамиз”, дея таъкидлади Харченко.
Россиядаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссар Татьяна Москалкованинг баёнотига кўра, Украинанинг Курск вилоятига ҳужуми туфайли 112 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Сентябрь ойи бошида вилоят раҳбари Алексей Смирнов барча эвакуация қилинганларни янги уй-жой сотиб олиш учун сертификатлар билан таъминлашга ваъда берганди.
Бироқ ноябрь ойида ўнлаб эвакуация қилинганлар ҳали ҳам сертификатлар берилмаганидан шикоят қилган.
Шептуховский қишлоқ кенгашининг “Вконтакте” саҳифасида Курск аҳолисининг Владимир Путинга уй-жой билан таъминлашда ёрдам сўраб қилган 20 дан ортиқ мурожаатлари эълон қилинди.
Жорий йилнинг 6 август куни Украина армияси Курск вилоятига ҳужум уюштирган эди. Бош қўмондон Александр Сирскийнинг сўзларига кўра, жангларнинг биринчи ҳафтасида улар 100 га яқин аҳоли пунктини эгаллаб, 1300 квадрат метр майдонни ўз назоратига олган.