8 ноябрга ўтар кечаси Россия Украинага «Искандер-М» баллистик ракетаси, тўртта Х-59/69 авиация ракетаси ва «Шаҳед» типидаги 92 та зарба берувчи дрон ва номаълум турдаги дронлар билан ҳужум қилди. Бундан ташқари, Харьков ва Суми вилоятларига бошқариладиган бомбалар билан зарба берилди, деб хабар қилди Украина ҳаво кучлари матбуот хизмати.
Тўртта Х-59/69 ракетаси ҳам, 62 та дрон ҳам уриб туширилди, дейилади хабарда.
Ўтган суткадаги ҳужумлар оқибатида энг катта зарар Запорожье, Харьков ва Одесса вилоятларида кўрилди.
Запорожье вилоятида кун давомида вилоят маркази Запорожье шаҳри ва яна бир нечта аҳоли пунктларига жами 16 та ҳаво ҳужуми, 6 та зенит отишмаси ва 168 та артиллерия зарбаси уюштирилди. Ҳаммаси бўлиб 15 та аҳоли пункти зарар кўрган, деди вилоят раҳбари Иван Фёдоров. Уй-жойлар ва инфратузилма объектлари зарар кўргани бўйича 149 та хабар келиб тушган.
Фото: Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати /Telegram
Запорожьенинг ўққа тутилиши оқибатида 9 нафар тинч аҳоли, жумладан, бир ёшли бола ҳалок бўлди. Шаҳарда мотам куни эълон қилинди.
Запорожье тиббиёт муассасаларида 15 нафар жабрланган бор, жумладан, беш ёшли бола ўта оғир аҳволда. Шифокорлар яна тўрт кишининг, хусусан, икки нафар тиббиёт ходимининг аҳволини оғир деб баҳоламоқда. Жами 40 киши жароҳатланган, улар орасида 4 нафар бола бор.
Харьковда 12 қаватли турар жой биносининг ўққа тутилиши сабабли биринчи қаватдан учинчи қаватгача бўлган қисмида битта подъезд вайрон бўлди, деди вилоят раҳбари Олег Синегубов. Қутқарувчилар аҳолини вайроналар остидан олиб чиқди. Ушбу уйнинг 30 нафар яшовчиси, жумладан, 4 нафар бола эвакуация қилинди. Шаҳар мэри Игор Тереховнинг маълум қилишича, 25 киши, жумладан, уч ойлик чақалоқ яраланган.
Фото: Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати /Telergam
Бундан ташқари, авиабомбалардан ўққа тутилиши оқибатида 3 та маъмурий бино, 6 та хусусий уй, 3 та савдо павильони ва 4 та метро чиқиш жойи зарар кўрган.
Одесса вилоятида дронлар фуқаролик инфратузилмасига зарар етказди, учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига хусусий уйлар ҳам учради, бир нечта уйларда ёнғинлар содир бўлди, деди вилоят раҳбари Олег Кипер. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди — ҳужум вақтида автомобиль бошқарувида бўлган 46 ёшли эркак яраланиб вафот этди.
Олег Кипер / Одесская ОДА /Telegram
Яна саккиз киши жароҳатланган, 91 ёшли аёлда стрессга яқин ҳолат кузатилмоқда. Олти нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган. Бошқаларга эса шу ернинг ўзида ёрдам кўрсатилди.
«Россия ҳаётимизни йўқ қилишга уринаётганда халқаро миқёсда ҳам биргаликда ва қатъий ҳаракат қилиш муҳим. Террор салоҳиятини камайтириш, уни тўсиб қўйиш учун ҳаракат қилиш лозим. Украинага бунинг учун куч керак. Адолатли тинчликка эришиш ва одамларимизнинг ўлимига чек қўйишнинг ягона йўли шу. Ҳаво ҳужумидан мудофаа, қурол-яроғ пакетлари, тажовузкорга қарши санкциялар — бу нафақат сўзда, балки ҳаракатда ҳам зарур бўлган жавоб», — деди Украина президенти Владимир Зеленский.