• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com



Марказий банк маълумотларига кўра, 1 ноябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг расмий захира активлари октабр ойида 2 млрд долларга ошган ҳолда 43,14 млрд долларни (+4,9 фоиз) ташкил этди. Бу статистик маълумотлар мавжуд бўлган 2013 йилдан кейинги давр учун навбатдаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Марказий банк захиралари кетма-кет тўртинчи ой рекордни янгиламоқда: июлда захиралар 1,06 млрд долларга, августда 1,75 млрд долларга, сентабрда 1,98 млрд долларга, октябрда эса 2 млрд долларга ошди. Йил бошидан буён эса захиралар 8,58 млрд долларга (+24,8 фоиз) кўпайди.

Регулятор маълумотларига кўра, ўтган ойда валюта захиралари яна 510,8 млн долларга ошган — 8,71 млрд доллардан 9,22 млрд долларгача (июнь-июль ойларида олтин сотиб олиш ҳисобига 1,58 млрд долларга камайганди).

Бироқ йил бошидан ҳисоблаганда (январь-октябрь) валюта захиралари 149,1 млн долларга, жумладан, мамлакат томонидан 2019 йилда чиқарилган 500 млн долларлик суверен еврооблигациялар бўйича қарзни тўлаш ҳисобига камайганди.

Захиралардаги олтиннинг физик ҳажми яна бироз — 20 минг троя унциясига (622 кг), яъни 12 млн троя унциясигача (373,2 тонна) камайди.

Шунга қарамай, олтин захиралари қиймати 1,5 млрд долларга ошиб, аввалги 31,86 млрд доллардан навбатдаги рекорд кўрсаткич — 33,36 млрд долларгача етди. Сабаби, октабрь ойида олтин котировкалари 2,3 фоизга ошди: 2660,5 доллардан 2721,5 долларгача. 30 октабрда тарихда биринчи марта олтин нархлари трой унцияси учун 2800 доллардан ошди.

Бундан ташқари, Марказий банк захираларидаги қимматли қоғозлар миқдори янги хорижий давлат облигацияларини харид қилиш ҳисобига 2,8 бараварга ошди — 35,7 млн доллардан 100,9 млн долларгача. Аввалроқ регулятор АҚШ ғазначилик қоғозларини сотиб олганди.

Шуниси эътиборга лойиқки, Марказий банк ўз заҳираларида Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎТТЖ) активларини ҳам акс эттиради, бу жамғарма эса амалда давлат бюджетининг бир қисмига айланган. Унинг ҳажмлари ҳақида маълумотлар алоҳида очиқланмайди. Аввалроқ S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги ЎТТЖ активларини Марказий банк захираларидан чегириб ташлашни қайд этганди, чунки «фонд активлари биринчи навбатда монетар ёки тўлов эҳтиёжлари учун эмас, балки фискал эҳтиёжлар учун мўлжалланган».

S&P берган баҳога кўра, Ўзбекистоннинг мавжуд валюта захиралари олтин нархининг кутилаётган пасайиши ва жорий ҳисоб тақчиллиги давом этаётгани туфайли 2027 йилгача қисқариб боради.

Марказий банкнинг олтин захиралари умумий олтин-валюта захиралари ҳажмининг 80 фоиздан ортиғини (бугунги кунда — 77,3 фоиз) ташкил этади. Марказий банк Ўзбекистонда қазиб олинган олтинни сотиб олишда устувор ҳуқуққа эга. У ўз интервенциясининг ўзбек сўмига таъсирини компенсация қилиш учун олтинни миллий валютада сотиб олиб, кейин маҳаллий бозорда долларларни сотади.

Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт ва молия тизимининг барқарорлигини таъминлашда асосий ролни ўйнайди. Улардан кескин тебранишлар вақтида миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш учун курсга таъсир ўтказиш, кредиторлар олдидаги ташқи мажбуриятларни тўлаш, инқирозли вазиятларда импортни қоплаш, шунингдек, ташқи иқтисодий хатарлардан суғурта сифатида фойдаланиш мумкин.

Захиралар экспорт қилинадиган товарлар нархининг кескин ўзгариши, халқаро санкциялар, глобал молиявий инқирозлар ёки валюта бозорларидаги тебранишлар каби ташқи шоклардан ҳимоя қилувчи ўзига хос «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳисобланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *