Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан туманларда коррупцияга қаршиш курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Қайд этилишича, Каттақўрғон тумани солиқ инспекцияси инспектори М.Р. фуқаронинг 11 млн 500 минг сўм миқдоридаги солиқ қарзини электрон базадан ўчириш ва қарздорлик тўлангани хусусида сохта ҳужжат расмийлаштириб беришини айтган. Бунинг эвазига фуқародан пулнинг 6 млн сўмини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими сафарбарлик чақирув резерви бўлинмаси бошлиғи, Қуролли Кучлар хизматчиси С.И. ва унинг ёрдамчиси Ф.Э. фуқаронинг АҚШга ишлаш учун кетган ўғлига сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизматни ўтагани хусусида сохта ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб беришини билдирган. Бунинг учун 600 доллар талаб қилган. Улар келишилган маблағни олаётган вақтда қўлга тушган.
Миллий гвардия Пахтачи туманлараро қўриқлаш бўлими ходими Ш. А. фуқарога «Қорақўтон олтин кони» ҳудудидаги 25-сонли шахтадан таркибида олтин моддаси бўлган тошларни қазиб олишга шароит яратиб бериш эвазига 8 млн сўм ва 600 доллар талаб қилган. Аммо келишилган пулдан қолган 600 долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Кадастрлар палатаси Нарпай туман филиали мухандиси С.Ш. эса фуқаронинг яқин қариндоши номидаги турар жойга кадастр ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 700 доллар талаб қилиб, бу пулни олган вақтда қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.