Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов 31 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда онлайн кредитлар бериш бўйича янги чекловлар жорий этилишига изоҳ берди.
Аввал хабар қилинганидек, 1 ноябрдан 2025 йилнинг 1 апрелига қадар онлайн кредит ажратилишига доир вақтинчалик тартиб жорий этилди. Эндиликда фуқаролар кредит ташкилотининг мобиль иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиши талаб этилади (батафсил).
Регулятор раисининг бунга аниқлик киритишича, вақтинчалик тартиб тугагандан сўнг онлайн кредитлар бериш бўйича чекловлар сақланиб қолади.
«Биз банк хизматларининг рақамли бозорини (онлайн-банкинг) ҳаддан ташқари либераллаштириб юборганмиз», — дея Нурмуратовдан иқтибос келтиради Spot.
Марказий банк беш ой давомида онлайн тўловлар ва пул ўтказмалари асосини белгиловчи механизмларни такомиллаштириш ҳамда қайта ишлашни режалаштирмоқда, деб ёзади нашр.
МБ раиси асосий мақсад — фуқаролар маблағларининг хавфсизлигини таъминлаш эканини таъкидлади. У тўлов ташкилотлари ва банкларнинг даромадидан ташқари, маблағларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини ҳам қайд этди.