Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида ўзгалар номига кредит олиб, онлайн қиморга сарфлаб юборган 16 ёшли болага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда “Zo‘r TV” телеканалининг “Бу кун” информацион дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 24 май куни Шофиркон тумани ИИБга фуқаро мурожаат қилиб, Анорбанк”дан унинг номига 54 миллион сўм кредит олинганини, лекин бу кредитни ўзи олмаганини билдириб, ҳозирда мазкур кредит тўловлари унинг пластик картасидан ечиб олинаётганини маълум қилган. Ҳолатга аниқлик киритиб, айбдор шахсларга чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Бухоро вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан тезкор техник ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Тезкор тадбирлар натижасида фирибгарлик жиноятини 2008 йилда Шофиркон туманида туғилган ўспирин содир қилгани аниқланган.
Суриштирувлар давомида аниқланишича, у Шофиркон туманида жойлашган Paynet шохобчасида норасмий тарзда ишлаб, фуқароларга сим-карта бериш жараёнида уларнинг фотосуратларини идентификациядан ўтказиш учун олиб, уларга билдирмасдан, яширин равишда фуқароларнинг телефон рақами ва фотосуратларидан фойдаланиб, улар номига онлайн кредит расмийлаштириб олган. Шундай йўл билан ўндан ортиқ фуқарога кўп миқдорда моддий зарар етказган.
“Пул йўқлиги сабабли мижозларим номига кредит расмийлаштирдим. “Анорбанк” иловаси орқали. Ҳар бир мижозимга 15-20 миллион сўмдан жами 100 миллион сўм миқдорида кредит расмийлаштирдим”, дейди 16 ёшли бола. У ўзгалар номига олган кредитларни ойма-ой онлай қимор ўйинларига тикиб юборган.
Қўзғатилган жиноят иши доирасида унга нисбатан қамоққа эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда гумон қилинувчидан бошқа жабрланган шахслар ҳам бўлиши мумкин деган эҳтимол билан уларни аниқлаш ва уларга етказилган зарарни қоплаб бериш мақсадида тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.