Биткоин нархи тарихий максимумни янгилаб, биринчи марта 80 минг доллардан ошди. Маълумотлар Binance биржасида эълон қилинди.
10 ноябрь куни соат 17:25 ҳолатига кўра, биткоин 80 041 доллар даражасида сотилган. 15 дақиқадан сўнг унинг нархи 79,4 минг долларни ташкил этган. Биткоин курси Америка сайловлари куни яқинлашгани сари ўсиб борди. 6 ноябрь куни эса тарихий максимумни ўрнатиб, 75 минг доллардан ошди.
Бунга Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп сайловолди нутқида криптобизнесни қўллаб-қувватлагани таъсир кўрсатди. У АҚШни дунёнинг крипто пойтахтига айлантиришга ваъда берди.
Биткоин ҳам Трампнинг реклама кампаниясининг бир қисмига айланди. Сентябрь ойида сиёсатчи Нью Йоркдаги барда тарафдорларига биткоинда бургерлар сотиб олди.
Сайлов натижаларига кўра, Трамп барча етти тебранувчи штатда рақиби Камала Ҳаррисдан ўзиб, ғалаба қозонди. Республикачи 312 та, демократ эса 226 та овоз олди. Сайловда ғолиб бўлиш учун номзод 270 та овоз олиши лозим.