Россия армияси Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олиш учун шимолий кореялик аскарларни ҳам ўз ичига олган 50 минг ҳарбий тўплади. Бу ҳақда АҚШ ва Украина расмийларига таяниб, The New York Times хабар берди.
Яқин кунларда ҳарбийлар Украина Қуролли кучлари томонидан қисман босиб олинган Курск вилоятида кенг кўламли қарши ҳужумни бошлаши кутилмоқда. Айни пайтда Шимолий Корея қўшинлари Курскнинг ғарбий қисмида россияликлар билан жанговар тайёргарликдан ўтмоқда. Уларнинг сони 10 мингдан ошиши маълум қилинган.
Россия Украинанинг шарқидан қўшинларни кўчирмасдан кучларини жамлашга эришди. Бу Москвага бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда босим ўтказиш имконини бермоқда, деб ёзади NYT.
The Washington Post хабар қилишича, Шимолий Корея ҳарбийлари нафақат Курск вилоятига, балки Украина билан чегарадош бўлган қўшни Белгород вилоятига ҳам юборилган.
Украина ҳукумати ва унинг иттифоқчилари октябрь ойи охиридан бери Курск вилоятида Шимолий Корея ҳарбийлари борлигини таъкидлайди. Уларга кўра, КХДР урушда иштирок этиш учун Россияга 12 мингга яқин ҳарбий хизматчи, жумладан, 500 офицер ва уч нафар генерални юборган.
Россия ва Шимолий Корея бу маълумотни тасдиқламаган. Бироқ Россия президенти Владимир Путин мамлакатда шимолий кореялик аскарлар борлигини рад этмаган.