Ўзбекистон Суперлигасининг 24-туридан ўрин олган баҳсда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг “Пахтакор” клубини қабул қилди.
Жорий мавсумда ҳар икки клуб ҳам чемпионлик ва Ўзбекистон Кубогидан маҳрум бўлган бўлсада, жамоаларда совриндорлар сафидан жой олиш имконияти борлиги, ўртадаги принципиал рақобат, ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар доимо муросасиз кечганлиги боис мутахассислар ҳамда мухлислар томонидан мазкур беллашувга қизиқиш юқори бўлди.
Дастлабки дақиқалардан устунликни қўлига олишга интилган Сергей Лушан шогирдлари 3-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Жамшид Болтабоевнинг ўнг қанотдан меҳмонлар жарима майдончаси ичига оширган тўпини жамоанинг эронлик ярим ҳимоячиси Сияваш Ҳақназари меҳмонлар дарвозасига аниқ йўллади – 1:0.
36-дақиқада меҳмонлар стандарт вазиятдан сўнг мувозанатни тиклади. Орадан 7 дақиқа ўтар-ўтмас, Тома Табатадзенинг ўнг қанотдан рақиб жарима майдончаси ичига ошириб берган тўпини Сияваш Ҳақназари дарвозага аниқ йўллаб, “дубль”ни нишонлади ва “Навбаҳор”нинг танаффусга 2:1 ҳисобидаги устунлик билан чиқиб кетишини таъминлади.
Иккинчи бўлимни ҳужумкор руҳда бошлаган “шерлар” 46-дақиқада мувозанатни яна тиклади. “Пахтакор” ярим ҳимоячиси Отабек Жўрақўзиев ўз ҳисобига “дубль” ёзиб қўйди.
Учрашувнинг 56-дақиқасида тошкентликларнинг 2-бўлимда захирадан майдонга туширилган ярим ҳимоячиси Беҳрузбек Асқаров “Навбаҳор”нинг грузиялик ҳужумчиси Тома Табатадзенинг оёқ қисмига зарба берганлиги боис учрашув бош ҳаками Рустам Лутфулин уни майдондан четлатди. Натижада Камолиддин Тожиэв шогирдлари майдонда 10 киши бўлиб қолди.
Шундан сўнг “Навбаҳор” вакиллари сон жиҳатидан устунликдан самарали фойдаланди ва ҳужумни янада кучайтирди. Бунинг натижаси сифатида “лочинлар” дарвозасига учта тўп киритилди ва якуний ҳисоб йирик – 5:2 кўринишини олди.
“Навбаҳор” шу тариқа тарихий ғалабага эришди: жамоа ўзаро учрашувларда “Пахтакор” дарвозасига илк маротаба 5 та гол урди. Наманганликлар очколари сонини 39 тага етказиб, турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди.
“Дарё” ушбу ўйиндан фотогалерея тайёрлади.