Россия паспортини олган чет эл фуқаролари 23 ноябрдан бошлаб фуқаровий қасамёд қабул қилмаса, ундан маҳрум бўлади. Бу ҳақда 2023 йил миграция сиёсатини кучайтирган президент фармонига асосланиб, “МВД Медиа” хабар берди.
Маълум қилинишича, кўрсатилган санадан кейин қасамёд қилмаганлар автоматик равишда фуқароликни олмаган ҳисобланади ва уларга Россия паспортини бериш тўғрисидаги қарор ҳақиқий эмас, деб топилади.
Ушбу талаб 2017 йил 1 сентябрдан олдин Россия фуқароси бўлганлар ёки фуқароликни олиш пайтида маълум сабабларга кўра қасамёд қилишдан озод этилганларга нисбатан қўлланмайди.
Россия Федерацияси фуқаросининг қасамёд матни 2017 йилда тасдиқланган. Унга кўра, Россия паспортини олган шахс фуқароликни ихтиёрий ва онгли равишда қабул қилади, шунингдек, мамлакат конституцияси ва қонунларига риоя этишга, россияликларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишга, фуқаролик мажбуриятларини бажаришга, давлат эркинлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишга, Россияга содиқ қолишга, унинг тарихи, маданияти ва анъаналарини эъзозлашга қасам ичади.
Россия фуқаролигини олишда қасамёд қилиш президент Владимир Путин ташаббуси билан жорий этилган. Тасдиқланган тартибга кўра, паспортни олувчи матнни ўқиши ва бланкага имзо қўйиши керак. 18 ёшга тўлмаган ва туғилганлик бўйича фуқароликни олган шахслар бундан озод этилган.
Ушбу нормалар 2023 йил кузида “Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида”ги федерал қонун (Но 138-ФЗ) ва президентнинг тегишли фармони билан тасдиқланган, аммо у янги бандни — паспорт олинганидан кейин бир йил ичида фуқаролик қасамёдини қабул қилишни ўз ичига олган.