• Пн. Дек 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

KazAID: асосий мақсад маълум қилинди


Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги (KazAID) биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Афғонистонга кўмак беришга алоҳида эътибор қаратади.

Бу ҳақда агентлик бошқаруви раиси Аркен Аристанов Қозоғистон матбуотига маълум қилган.

“Бу ўринда мантиқий асос бор: агар сиз келгусида ҳамкорлик қилмоқчи бўлган мамлакатингизга кўмак берсангиз, пировардида кучлироқ ҳамкорга эга бўласиз. Бу эса ҳамкорликни сифатли, манфаатли ва барқарор этади… Гап шундаки, Қозоғистоннинг минтақа учун ҳам асқотадиган кучли жиҳатлари мавжуд. Биз шу каби жиҳатларни ёйиш учун ҳам шарт-шароит яратамиз. Масалан, бизда давлат хизматларини рақамлаштириш, молиявий технологиялар, интернет-банкинг ривожланган, таълим ва тиббиётда ҳам ютуқларга эришилмоқда. Биз уларни тараққиёт учун расмий кўмак доирасида илгари сурамиз”, – деган Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги бошқаруви раиси.

Қайд этилишича, сўнгги 20 йилда Қозоғистон бошқа давлатларга 600 миллион долларга яқин кўмак кўрсатган.

Бевосита KazAID доирасида 2022 йилда 36,7 миллион долларлик кўмак тақдим этилган. Остона бу рақамни 100 миллион долларга етказмоқчи.

KazAID Қозоғистон Республикасининг 2014 йил 10 декабрдаги “Тараққиётга расмий ёрдам тўғрисида”ги қонуни ва мамлакат ҳукуматининг 2020 йил 15 декабрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги агентликнинг асосий вазифалари техник ёрдам кўрсатиш орқали ҳамкор мамлакатларда барқарор ривожланиш ва инклюзив ўсишни таъминлаш, тинчлик, минтақавий ва глобал хавфсизликни мустаҳкамлашдан иборатдир. Профессионаллик, инновация, ижодкорлик, ижтимоий жавобгарлик, шаффофлик, очиқлик, етакчилик, ташаббускорлик кабилар тузилманинг асосий қадриятлари деб эълон қилинган.

Агентлик, шунингдек, таълим грантлари ажратади, инфратузилма объектлари қурилиши ва реконструкцияси билан шуғулланади. Масалан, жорий йил март ойида Қозоғистон халқидан Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрига туҳфа қилинган болалар ижодиёти маркази биноси ҳам KazAID кўмагида барпо этилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 2022 йилда KazAID билан меморандум имзолаган. Ҳужжатда Марказий Осиёда бир қатор йўналишларда биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

 



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *