Ўзбекистонда 11−17 ноябрь кунлари оралиғидаги ҳафтанинг ўртасида аксарият ҳудудларда ёғингарчилик кутилади. Шунингдек, туманли об-ҳаво муҳити кузатиладиган даврлар ҳам бошланмоқда. Ҳафта охирига бориб, мамлакатнинг шимолий ҳудудларига ёғинлар олиб келувчи нам ҳаво оқими таъсир кўрсата бошлайди. Аммо, умуман олганда, жорий ҳафта Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетишига олиб келувчи оқимларнинг кириб келиши эҳтимоли мавжуд эмас.
Ҳафта давомида антициклоннинг давомли чеккаси таъсирида нисбатан совуқроқ ҳарорат кузатилади. 13 ноябрь куни Каспий денгизидан жанубий циклонлар кириб келиши билан аввалига воҳада, кейин Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва водий вилоятларида ёмғир, тоғларда қор кутилади. Айрим тоғ этакларида жорий мавсумдаги биринчи қор ёғиши мумкин.
Ҳафта давомида ҳарорат режими тунда 0…+5 даража, ҳафта ўртасида −5…−0 даража совуққача, бошқа ҳудудларда 0…+5 даража, 13 ноябрда эса жанубий циклоннинг кириб келиши билан тунги ва кундузги ҳарорат бир-бирига яқин, деярли бир хил қийматга эга бўлиши кутилмоқда.
«Азор» антициклони деб номланувчи кенг масштабли жараён 13 ноябрда аввалига Каспий денгизи жанубидаги нам ҳавони минтақага «илаштириб» келса, кейинроқ, 18 ноябрда Ўртаер денгизи устида шаклланган нам ҳавони олиб келади. Бу жараён ҳафта давомида Ўзбекистонда ҳаво ҳароратини кескин кўтариб ёки пасайтириб юбормайди, аммо киши танаси баҳордаги каби комфорт илиқликни эмас, балки этни жунжиктадиган совуқни ҳис қилишда давом этади.
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 11 ноябрда республика шимоли ва жанубида ҳаво ҳарорати +12…+17 даража, бошқа ҳудудларда +10…+15 даража илиқ, тоғларда +3…+8 даража илиқ бўлади. Ёғингарчилик кутилмайди. Тунлари, тоғли ҳудудлардан ташқари, ҳарорат ноль даражадан бироз юқори бўлади.
Синоптиклар 12−14 ноябрь кунлари учун ҳам республика ҳудудлари бироз совуқ ҳаво таъсирида бўлишини маълум қилган. Бу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Шимолда ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб боради. 14 ноябрга келиб ҳаво ҳарорати тунда -5 даража совуққача пасайиши мумкин. Кундуз кунлари эса аввалига +12 даража, кейинроқ +8 даражагача ўзгаради.
Республиканинг бошқа вилоятлари учун эса вазият бундай эмас, 13 ноябрда Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилотларида, 13−14 ноябрь кунлари Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва водий вилоятларида ёғингарчилик кутилади. Ёғингарчилик фақат тоғли ҳудудларда ва баъзи тоғ этакларида қор кўринишида тушиши мумкин, қолган ҳамма жойда ёмғир ёғиши кутилмоқда.
12−14 ноябрь кунлари ҳаво ҳароратида кутилаётган ўзгаришлар катта эмас — ҳафта бошига нисбатан ҳарорат 2−4 даражага пасаяди, холос. Тунлари айрим жойларда +2…+7 даража, 14 ноябрга келиб -2 даражагача совуқ, 12−13 ноябрь кунлари кундузи +10…+15 даража, жанубда +17 даражагача илиқ, 14 ноябрга келиб эса +10 даражадан паст кутилади.
Келаётган ҳаво оқимлари ҳаво ҳароратини кескин ўзгартириш кучига эга бўлмагани каби, ҳафта давомида кучли шамол кутилмалари ҳам йўқ, аксинча бундай об-ҳаво муҳитида ҳудудларда туман тушиши ҳодисалари кўпаяди. Айниқса, 13−14 ноябрь кунлари тоғли ҳудудларда қалин туман ҳодисалари автомобиль ҳаракатига таъсир кўрсатиши мумкин.
Жума ва дам олиш кунлари республика ҳудудларида ҳарорат аста-секин кўтарилиб боради. Шанба ва якшанба кунлари республиканинг катта қисмида кундузи ҳаво ҳарорати ҳатто +15…+20 даражагача кўтарилади. Ҳафта охирига бориб, шимолда тунги минимум ҳароратлар қайтадан нол даражага яқинлашади. Републиканинг бошқа ҳудудларида эса 0…+5 даража илиқлилик сақланади. Бу кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Якшанба кунига келиб шимолдан республикага яна бир нам ҳаво оқимларининг дастлабки партияси таъсир этиб, шимолга ёғингарчилик улашади.
13−14 ноябрь кунлари кутилаётган нам ҳаво оқимлари ҳудудларга кўп ҳам ёғингарчилик улашмайди. Масалан, баъзи иқлим моделларига кўра, 13 ноябрь куни ярим сутка давомида ёғингарчилик кутилаётган текислик ҳудудларида умумий миқдор 2−10 миллиметрга, водий шарқи ва тоғларда 10−25 миллиметргача бўлади. Жанубий Каспий циклони шимол ва чўлларга деярли ёғингарчилик улашмайди. Шунинг учун ушбу ҳудудларда ҳафта давомида ёғингарчилик кутилмалари қарийб мавжуд эмас.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Ҳафта давомида табиий об-ҳаво муҳити инсонлар саломатлигига у қадар катта хавф кўрсатиш даражасида бўлмайди.
13−14 ноябрь кунлари республика аҳолиси циклонал омил таъсирига тушади. Бу сафарги, марказида атмосфера босими 1005 гПа гача пасаювчи жорий циклонал таъсир айнан мана шу омил таъсиридан безовталанадиганлар учун бироз қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Циклонал об-ҳаво муҳитини инсон организмига таъсирини камайтиришда аввалги материалдаги тавсияларга амал қилишлари керак.
Бундан ташқари, ҳафта боши ва сўнгида республиканинг катта қисмида аҳоли антициклон омил таъсирига тушиб, бу уларнинг ички қон босимига бироз таъсир қилиши мумкин. Аммо кутилаётган антициклонал жараён ҳам саломатликка айтарли жиддий хавф туғдирадиган даражада эмас. Шу кунларда ўзида антициклон таъсирни сезган, масалан, ҳолсизлик ҳис қилган ёки қон босими ўзгарган кишилар шифокор кўрсатмаси асосида аввалги матералдаги тавсияларга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди.
Жорий ҳафтада Фарғона водийси каби аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ҳаво ҳароратининг пасайиши туман, ғубор ҳодисалари сонини ошириб, ёш болаларда турли мавсумий касалликларни кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.
Дам олиш кунлари эса ҳароратнинг бироз юқорилаши кишиларда ланжлик, оз-моз бош оғриғини келтириб чиқаради. Оддий қилиб айтганда, жорий ҳафта бошидаги табиий об-ҳаво ўзгаришлари шундай ўзгаришларга мойил кишиларгагина бироз муаммо туғдириши мумкин.
Ҳафта давомида ҳавода нисбий намликнинг мавсумий ортиши ҳудудларда турли вирус, замбуруғ, бактериялар фаоллашишига олиб келади — айнан мана шу омиллар сабаб кишилар ўз саломатлигига чуқурроқ эътибор беришлари лозим.
Ҳавода нисбий намликнинг 30−70 фоизгача бўлиши ҳаво намлигининг инсон саломатлиги учун оптимал қиймати бўлиб, републиканинг катта қисмида ҳафтанинг иш кунларида ҳаво намлиги сутка давомида 70 фоиздан юқори сақланади. Бунда ҳудудларда турли бактерия, вируслар учун қулай шароит кузатилиб, аллергик симптомлар ва кимёвий реакцияларнинг фаоллашувига олиб келувчи муҳит ҳосил бўлади.
Уй шароитида эса ҳаво нисбий намлигини 30−70 фоиз атрофида таъминлаш жуда муҳим, шунда турли вирус ва бактериялар кўпайишининг олди олинади.
Биоиқлимий шароитлар
Иш кунлари кундузи ҳам қалин кийим кийиш талаб этиладиган об-ҳаво муҳити кузатилади. Ҳаво ҳароратининг +15 ёки +17 даража бўлиши «алдамчи» бўлиб, антициклон таъсиридаги ҳароратни ҳис қилиш бироз пастроқ ҳарорат каби бўлади. Қисқаси, аҳоли орасида бу муҳит «совуқ заҳри» деб тушунтириладиган вазият кабидир.
Чоршанба ва пайшанба кунлари изғирин совуқлар таъсирида янада қалинроқ кийиниш, бошни совуқдан асраш учун қалпоқ кийиш, ёмғирли ҳавода соябон олиб юриши тавсия этилади. Дам олиш кунлари фақат кундузги вақтда бироз енгилроқ кийим кийииш мумкин. Аммо кечки маҳал ва тунда барибир қалин кийиниш керак.
Кузги сайр-саёҳатларни хуш кўрувчилар учун жорий ҳафта ҳам айни муддао — йирик шаҳарларда дарахтлар олтин рангларга бурканиб, булутли ва қуёшли манзара билан бирга кўпчиликка эстетик завқ улашади. Ҳафта ўрталарида ёғингарчилик пайти ва ундан кейин ерларда ётган кузги хазонлардан чиқаётган ҳид гўёки куз тароватини ҳадя этади. Шу билан бирга ҳафта ўрталарида қор ёғишини кузатиш учун тоғларга саёҳат қилиш мумкин.
Космик таъсирлар
Ҳафтанинг биринчи ярмида аҳоли магнит бўрони қўзғалишларидан азият чекиши мумкин. 9−10 ноябрь кунлари Қуёш сиртидаги бир нечта М синфли ва битта Х синфли кучли чақнашдан ажралиб чиққан қуёш плазмалари Ер сайёрасида 11 ноябрь куни 4−6 баллик магнит бўронларни келтириб чиқариши мумкин. 12−13 ноябрь кунлари ҳам 3−4 магнит бўронлари билан боғлиқ «сариқ» хафга эга.
Қозоғистондаги Ионасфера институтининг жорий ҳафта иш кунлари учун тақдим этган геомагнит бўрони прогнозига кўра, бу ҳафта аҳоли душанба куни кучли геомагнит бўронлари таъсирига тушишлари мумкин. Сешанба ва чоршанба кунлари магнит бўрони бироз қўзғалиши билан боғлиқ «сариқ» хавфга эга. Аммо, у қўзғалиш аҳоли саломатлигига у даражада катта хавф туғдирмайди. Пайшанба ва жума кунлари эса кишилар яшил даражага эга қўзғалишлар таъсирига гувоҳ бўлишади. Бу каби қўзғалишлар кишилар саломатлигига умуман хавф туғдирмайди.
Бу каби прогнозларнинг ўзини оқлаш даражаси анча пастлигича қолмоқда. Қуёш ўзининг ҳар 11 йилликдаги энг фаол чақнашлари даврида турибди. Қуёшда тўсатдан Х ва М синфли чақнашлар сони кузатилиши билан унинг коронал массасини Қуёш шамоллари орқали сайёрамиз юқори атмосферасига 2−3 суткада етиб келишига ва сайёрада «кучли», «жуда кучли» ва ҳаттоки «экстремал» геомагнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирда магнит бўронларини 2 кундан ортиқ сана учун ишончли прогноз қиладиган ечимлар мавжуд эмас.
Тавсиялар. Магнит бўронига таъсирчан аҳоли қатлами бўрон вақти жисмоний зўриқишлардан қочиши, кўпроқ дам олиши, кўп овқатланмаслиги, спиртли ичимликлардан тийилиши мақсадга мувофиқ. Шифокорлар бундай пайтда кўпроқ сув истеъмол қилишни ҳам тавсия этади.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ҳафта ўртаcида кутилаётган ёмғирли об-ҳаво муҳити ҳавода майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон яратмайди. Фақат сешанба ва дам олиш кунлари ҳароратнинг бироз юқори кўтарилишида пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига ҳамда пайшанба-жума кунлари антициклонал жараён фонида қуёш чиқиш арафасида ҳавода, инверсия ҳодисаси сабаб, хиралик ортиши ва ифлосланиш рўй бериши мумкин. Лекин мазкур ифлосланишлар юқори эҳтимол жуда хавфли даражаларга эга бўлмайди. Бу каби прогнозлар атмосферанинг табиий ифлосланиши ҳисобланиб, жойларда антропоген ифлосланишлар бу инсонлар, идора ва корхоналар ҳатти ҳаракатига боғлиқ.
Ҳавода майда чанг заррачаси билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, жорий ҳафта об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар жума ва дам олиш кунлари бўлиб, иқлимий ўзгаришларига мойил кўпчилик шу кунларда ўзини анча енгил ҳис қилади.