10 ноябрь куни биткоин курси тарихда илк бор 80 минг доллардан ошди. Криптовалютанинг қиймати 4,7 фоизга ошиб, рекорд даражага етди, деб ёзди Bloomberg.
Хабар ёзилаётган вақтда биткоин курси 81 минг 109.41 долларни ташкил этаётганди. Bloomberg`нинг таъкидлашича, биткоин курси Дональд Трампнинг АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси фонида ўсишда давом этмоқда.
Сайлов кампанияси давомида Трамп АҚШни «сайёранинг крипто пойтахтига» айлантиришга ваъда берганди. Шунингдек, у биткоинларнинг миллий захирасини яратишни таклиф қилган.
Умумий ҳисобда АҚШ президентлик сайловидан кейин биткоин курси салкам 13 минг долларга юқорилади.