Ўзбекистонда 1 декабрдан ичимлик ва оқова сув хизматлари тўловлари фақат электрон шаклда қабул қилинади. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» хабар берди.

Таъкидланишича, бу чора соҳада шаффофликни таъминлаш, ҳамда коррупцион ҳолатларга барҳам бериш мақсадида амалга оширилмоқда. Эндиликда назоратчи ва сув таъминоти ходимларига тўловларни нақд пул кўринишида амалга ошириш тўхтатилади.

Истеъмолчилар тўловларни амалга оширишда ўзи учун қулай ва тезкор бўлган қуйидаги воситалардан фойдаланиши мумкин:

  • kabinet.uzsuv.uz шахсий кабинет орқали;
  • @uzsuvbot Telegram боти орқали;
  • Электрон тўлов тизимлари (Click, Paynet, Alif Mobi, Payme, Oson, Uzum Bank) ҳамда тўлов инфокиосклари ва тижорат банк кассалари ҳамда шохобчалари, почта бўлимлари орқали.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда соҳада бир қанча коррупциявий ҳолатлар аниқланган. Жумладан, тўловни нақд шаклда амалга ошириш билан боғлиқ бир қанча қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган.

Хабарга кўра, жамиятнинг Коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат бошқармаси Сирдарё вилояти бўйича инспектори томонидан ҳудудий сув таъминотининг мижозлар бўлими аҳоли назоратчиси Ў.Б. Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи 36 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг ишончига кириб, истеъмол қилинган ичимлик суви учун ундирилган жами 52 миллион 427 минг 706 сўм пул маблағларини акциядорлик жамияти ва фуқароларнинг ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, ўзининг шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ў.Б.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар Сирдарё вилояти прокуратурасига тақдим қилинди ва Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» (оз миқдорда фирибгарлик) банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу билан биргаликда, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда «Хоразм сув таъминоти» АЖнинг 5 та туман филиали масъул шахслари томонидан истеъмолчиларнинг ичимлик суви учун тўлов қилинган жами 380 миллион сўм маблағларини банк ҳисоб рақамларига кирим қилмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.