• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Янги чақириқ кенгаш депутатлари Ўзбекистон вилоятлари ва туманларида ҳокимларни қайта тасдиқлади


Ўзбекистон ҳудудларида вилоят ва туман ҳокимлари қайта тасдиқланмоқда ҳамда халқ депутатлари кенгашларининг янги раислари сайланмоқда. Бу жараён 27 октябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва кенгашларга депутатлар сайловидан кейин амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқланган Эркинжон Турдимов кенгашларга сайловдан сўнг барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ваколатлари тугашини маълум қилди. Янги чақириқ депутатлари ўзларининг биринчи сессиясида ҳокимликка янги номзодларни кўриб чиқмоқда.

«Dunyouzbeklari.Com» ўрганган кенгашлар ва ҳокимларнинг барча қарорларида ҳокимлик лавозимига амалдаги вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари бир овоздан тасдиқланган, яъни бу лавозимларга янги номзодлар кўриб чиқилмаган. Шу билан бирга, кенгашлар сессиялари ижтимоий тармоқларда жонли эфирга узатилмади.

Масалан, Тошкент шаҳрида жорий йил 3 апрелда шаҳар ҳокими этиб тасдиқланган Шавкат Умурзоқов 6 ноябрь куни бўлиб ўтган 7-чақириқ депутатлар кенгаши сессиясида бу лавозимга қайта тасдиқланди.

Шундан сўнг Умурзоқов пойтахтнинг барча 12 та тумани аввалги ҳокимларини яна шу лавозимларга таклиф этди, туман кенгашлари уларнинг номзодларини тасдиқлади.

Тошкент вилоятида ҳам 15 та туман ва шаҳарнинг амалдаги ҳокимлари қайта тасдиқланди.

Янги Конституциядан келиб чиқадиган қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга кўра, туман (шаҳар, вилоят) ҳокими ва халқ депутатлари кенгаши раиси лавозимлари ажратилди. Шу пайтгача ҳокимлар тегишли ҳудудда бир вақтнинг ўзида вакиллик (кенгаш) ва ижроия (ҳокимият) ҳокимиятини бошқарган, бу эса ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тамойилини бузган.

Бу ўзгариш вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда ҳокимлари учун октябрдаги сайловлардан сўнг кучга кирди. «Dunyouzbeklari.Com» кенгашларнинг уларнинг раисларини тайинлаш тўғрисидаги қарорларини ўрганиб чиқди. Ҳудудлардаги кенгашлар раҳбарлари лавозимига собиқ ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари, «Нуроний» жамғармаси, Маҳаллалар уюшмаси бошқармалари ва бошқа ташкилотлар ходимлари тайинланиб, кенгашларга депутат этиб сайланди.

Туман ва шаҳар кенгашларида аксарият ҳолларда ҳокимлар раҳбарлик қилишда давом этмоқда, чунки улар учун бу тартиб фақат 2026 йил 1 январдан кучга киради.

Парламент палаталари (Қонунчилик палатаси ва Сенат) мансабдор шахслари сайланганидан ва органлари шакллантирилганидан кейин бир ой ичида бош вазир номзоди ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда. Бу номзодни барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг президент тақдим этади.

Аввалроқ «Dunyouzbeklari.Com» Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан 64 нафари (42,7 фоизи) қуйи палатанинг бешинчи чақириғига қайта сайлангани (аввалги сайловда 27 фоиз эди) ҳақида хабар берганди. Аввалги чақириқда Сенат аъзоси бўлганлар орасида парламент қуйи палатасига сайланганлар ҳам бор.

Бундан ташқари, Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси янги сайланган депутатларининг ўртача ёши 3 йилга — 49,5 ёшга кўтарилди. Ёши энг катта партия ЎзХДП, энг кичиги эса «Миллий тикланиш» бўлди. Аёллар улуши 32 фоиздан 38 фоизга ошди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *