Келиб чиқиши номаълум бўлган активларни (эгаси қонунийлигини тасдиқлай олмаган активлар) қайтариш доирасида яна 525 миллиард тенге (тахминан 1 миллиард доллар) Қозоғистонда давлат даромадига ўтказилади, дея хабар берди мамлакат ҳукумати матбуот хизмати.
Пуллар Молия вазирлиги ҳузуридаги Махсус давлат фондига қайтарилади. Маблағларнинг бир қисми Аркалиқда иқтидорли болалар учун спорт мажмуаси, Остонада таянч-ҳаракат тизимида нуқсони бўлган болалар учун реабилитация маркази ва Олмаотада алоҳида эҳтиёжли инсонлар учун 400 ўринли машғулот маркази қурилишига сарфланади.
Жорий йил бошидан буён давлат бюджетига жами 900 миллиард тенгелик ноқонуний активлар қайтарилди, деди Қозоғистон бош вазири Олжас Бектонов. Унинг сўзларига кўра, ушбу маблағлар эвазига ижтимоий инфратузилма объектлари қурилмоқда.
«Тушунтириб бўлмайдиган бойлик»
2023 йилнинг ёзида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев «Ноқонуний олинган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолаганди. Оммавий ахборот воситаларида у «тушунтириб бўлмас бойлик»ни қайтариш қонуни сифатида танилган.
Қонун таъсири остига масъул давлат лавозимларини, давлат юридик шахсларида, квазидавлат сектори субъектларида, шунингдек, уларга аффилланган ташкилотларда лавозимларни эгаллаган шахслар тушади. Уларнинг умумий қиймати қарийб 45 миллиард тенге (100 миллион долларга яқин) бўлган активлари бўлиши керак.
Активларни ноқонуний олиб чиқаётган шахсларни аниқлаш билан Активларни қайтариш масалалари бўйича комиссия шуғулланади. Масалан, активлар қийматининг қонуний даромадлар миқдорига мос келмаслиги текшириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Агар комиссияда шубҳа пайдо бўлса, шахс реестрга киритилади ва Қозоғистондаги ва хориждаги даромадлари, активлари, қарзлари кўрсатилган декларацияни топшириш мажбуриятини олади.
Агар шахс активларни олишнинг қонунийлигини тасдиқлай олмаса, улар келиб чиқишини тушунтириб бўлмайдиган активлар деб эътироф этилади ва давлат даромадига олиб қўйилади.
Тушунтириб бўлмайдиган бойлик тўғрисидаги биринчи суд ҳужжати 2024 йил август ойида ижро этилган. Ўшанда давлат даромадига 10 миллион доллардан ортиқ маблағ, жумладан, қимматбаҳо тақинчоқлар ва тарихий буюмлар ўтган.