Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 11 ноябрь куни амалий ташриф билан Боку шаҳрига келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда давлат раҳбарини Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташриф дастурида Ўзбекистон етакчисининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 29-сессияси (CОP29) тадбирларида иштирок этиши кўзда тутилган.
Мамлакат президенти, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказади.
CОP29 доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланишга қарши курашиш, экологик таълимни ривожлантириш ҳамда иқлим кун тартибини илгари суришда ёшларнинг ўрнига бағишланган юқори даражадаги тадбирлар ўтказилади.
Ўзбекистоннинг махсус ташкил этилган Миллий павильонида Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал этиш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, биохилма-хилликни асраш ва бошқа йўналишларда 20 дан ортиқ қўшимча тадбир ўтказилиши режалаштирилган.