Навоийда 9 ноябрь куни Nexia ва Exeed автомобиллари иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлди, деб ёзди Kun.uz вилоят ИИБ матбуот хизматига таяниб.

ЙТҲ тахминан соат 16:00 ларда «Навоий — Учқудуқ» халқаро автомобиль йўлида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Nexia ҳайдовчиси ўзи билан бир йўналишида ҳаракатланаётган автомашинани қувиб ўтиш жараёнида қаршисидан келаётган Exeed автомобили билан тўқнашиб кетган.

Оқибатда бир киши воқеа жойида, иккинчиси шифохонада вафот этган.

«Кейинги вақтларда содир этилаётган ЙТҲларнинг аксариятига тезликни ошириш, қувиб ўтиш қоидаларини қўпол равишда бузиш сабаб бўлмоқда. Ҳайдовчиларнинг ўзига ортиқча ишониб юбориши, афсуски, йўлларда ўлим ҳолатларини келтириб чиқаряпти. Шу сабабли ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни сўраб қоламиз», — деган Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Фаёз Қосимов нашрга.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ҳодиса сабаблари аниқланиб, аниқ хулосалар чиқарилади.