Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррель 2024 йил охиригача Европа иттифоқи Украинага 1 миллион ўқ-дори юбориш режасини бажаришини айтди.
Унга кўра, Украина қуролли кучлари аллақачон 980 минг дона снаряд олган. “Бошқа келишувлар ва ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда, Украина йил охиригача Европадан 1,5 миллионта снаряд олади”, дея қўшимча қилди Боррель.
“Биз буни деярли бажардик. Биз аллақачон 980 мингдан ортиқ снаряд етказиб бердик ва тез орада 1 миллион снарядни тақдим қиламиз. Биламан, биз баҳоргача бу даражага эришиш мажбуриятини олган эдик, белгиланган муддатда улгура олмадик. Лекин йил охиригача буни уддалай оламиз. Бунинг учун эса биз сезиларли даражада тезлашдик”, деди Жосеп Боррель.
Европа иттифоқи олий вакилининг сўзларига кўра, снарядларни Украинага етказиб бериш муддатлари ишлаб чиқариш қуввати пастлиги сабабли кечиктирилган. Унинг аниқлик киритишича, Европа иттифоқи ишлаб чиқариш қувватини оширди, бу эса Украина Қуролли кучларини ҳозирги даражада ўқ-дорилар билан таъминлашни давом эттириш имконини беради.
Жосеп Боррель, шунингдек, Европа иттифоқи расмийлари Украинага қурол ва снарядларни тезроқ юбориши мумкинлигини таъкидлади, аммо “ҳар бир қадам жуда узоқ муҳокамаларни талаб қилгани”ни айтди. Боррель тушунтирганидек, ЕИ кескинлашувдан қўрққан баъзи аъзо давлатларнинг хавотирларини енгишига тўғри келди.
9 ноябрь куни Жосеп Боррель Киевга ташриф буюрди. Украина расмийлари билан учрашувдан сўнг у 2025 йилнинг мартигача Европа иттифоқи 15 минг украиналик ҳарбий хизматчини қўшимча равишда тайёрлашини маълум қилди. Европада ўқитилган ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 75 мингга етади.