Германия жанубида Россиянинг Украинага қилган ҳужуми туфайли юзага келган можарода украиналик юк машина ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Ҳодиса 9 ноябрь куни Оберрот аҳоли пункти яқинидаги юк машиналари тўхташ жойида содир бўлган. Кечқурун тўрт ҳайдовчи у ерда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Руминиялик 38 ёшли ҳайдовчи Ионутга кўра, у ҳамкасбларидан мусиқани пасайтиришни сўраган, аммо улар қулоқ солмасдан, баланд овозда кулиш ва баҳслашишни давом эттирган.
Ионутнинг таъкидлашича, ҳайдовчилар ўртасидаги келишмовчилик сабаби Украинадаги уруш ва бунда Россиянинг роли бўлган. Соат саккиздан кейин можаро кескинлашиб, муштлашувга айланиб кетган. Оқибатда тўрт эркак иштирокидаги можаронинг энг ёш иштирокчиси — 34 ёшли украиналик ўлдирилган.
35, 41 ва 45 ёшли яна уч нафар ҳайдовчи қамоққа олинган. Bild маълумотларига кўра, улардан бири Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари украиналикни ким ўлдирганини аниқламоқда.
Чет элда украинларнинг ўлдирилиши
Март ойида Германияда украиналик қочқин Маргарита Раза ўлдирилди. Унинг эндигина беш ҳафталик бўлган янги туғилган қизи ва 51 ёшли онаси бедарак йўқолди. Кейинчалик болани топиб, икки гумонланувчи — 44 ёшли немис ва 43 ёшли россиялик аёл қўлга олинди. Эр-хотин украиналик аёлни ўлдиришни узоқ вақт режалаштирган. Эркак қассоб бўлиб ишлаган. Мотив сабаблари номаълум.
Шунингдек, Германиядаги қочқинларни жойлаштириш марказида 46 ёшли украиналик вафот этганди. Оғир тан жароҳати олган эркакни хавфсизлик хизмати ходими ётоқхонадан топиб, тез тиббий ёрдам чақирганди.