Ўзбекистон Республикаси президентининг «Оролбўйи минтақасида 2030 йилгача бўлган даврда экологик инновациялар ва иқлим технологияларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор лойиҳаси тайёрланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар қилди.
Лойиҳага кўра, «Экологик тадбиркорлик»ни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий иқлим хусусиятларига чидамли ўсимлик турларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Орол водийси» (The Aral valley) иқлим технологиялари экспо-хабини барпо этиш режалаштирилган.
Шунингдек, экологик маҳсулотлар уруғлари ва кўчатларини етиштириш, олиб кириш ва плантацияларни ташкил этиш юзасидан стартап лойиҳаларнинг халқаро танловини ташкил этиш, лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш, экспортни йўлга қўйган корхоналар учун имтиёзли кредитларни ажратишни йўлга қўйиш ва уларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Оролбўйи минтақасида иқлим барқарорлигини таъминлаш ва экологик муаммоларга бағишланган Climate Expo кўргазмасини ташкил этиш, Оролбўйи ҳудудини барқарор ривожлантириш йўлида халқаро ҳамжамиятни кенг жалб этиш мақсадида Мўйноқ туманида очиқ осмон остида «Орол табиати лабораторияси»ни ташкил этиш белгиланмоқда.
«Қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида ташаббуслар ва амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирларга таклиф ва тавсиялар асосида қўшимчалар ҳамда ўзгартиришлар киритилиши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.