Болаликдан таниш бўлган мандариннинг таъм ва ифори доимо ёқимли хотираларни уйғотади ва яхши кайфият бағишлайди. Мандаринлар кўпчилик учун севимли қишки мева бўлса-да, кўплаб инсонлар унинг айнан ширин навини яхши кўради. Қуйида ушбу цитрусни танлаш қоидалари ва нордон мандаринни қандай қилиб ширин қилиш бўйича тавсияларни келтирамиз.
Меваларни тўғри танлаш
Нордон мандаринларга йўлиқмасликка биринчи қадам уларни фарқлай олиш ва тўғри танлашдан бошланади. Аввало, меванинг ташқи кўриниши: ранги, пўстининг тузилиши ва хушбўйлигига эътибор бериш керак. Яхши етилган мандаринлар тўқ оловранг тусга эга бўлади ва пўсти осонлик билан арчилади. Мевани енгил босганда ундан мандариннинг иси бирдан таралади. Жуда қаттиқ, оч сариқ ва яшил аралаш рангдаги мевалар нордон бўлиши мумкин.
Термик ишлов бериш
Мандаринларнинг нордон таъмини камайтиришнинг оддий усули иситишдир. Мева бир неча дақиқа давомида илиқ сувга солиниши ёки радиатор каби иссиқлик манбаи яқинида сақланиши мумкин. Иссиқлик мева ичида содир бўладиган жараёнларни тезлаштиришга ёрдам беради. Бунда мандариндаги шакар миқдори ошади ва нордонлик камаяди.
Бошқа маҳсулотлар билан бирга истеъмол қилиш
Мандаринларнинг нордон таъмини уларни бошқа маҳсулотлар билан биргаликда истеъмол қилиш йўли билан камайтириш мумкин. Масалан, банан ёки олма қўшилган мевали салатга мандарин бўлакларини солиш орқали унинг таъмини мувозанатга келтириш мумкин. Шунингдек, мандаринларни ширинликлар тайёрлаш учун масаллиқ сифатида ишлатиш мумкин.
Мандарин мураббосини тайёрлашда унинг нордон таъмини камайтириш учун мураббога бир чимдим истеъмол содасини қўшиш ёрдам беради. Яна бир усул — мандарин бўлакларини шакар билан қовуриб, карамелга айлантириш мумкин.
Тўғри сақлаш
Мандаринларни сақлаш усули ҳам уларнинг таъмига таъсир қилади. Мевани ўта паст ҳароратда сақлаш унинг янада нордон бўлишига олиб келади. Мандаринларни сақлаш учун оптимал ҳарорат 3 дан 8 даражагача иссиқдир. Бундай шароитда мевалар ўз таъми ва хушбўйлигини яхши сақлаб қолади.