12 ноябрь куни Financial Times газетасининг манбаларга таяниб хабар беришича, Украина ҳукумати АҚШнинг навбатдаги президенти Дональд Трамп бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда ўзининг «ғалаба режаси»ни ишлаб чиққан.
Режа Украинага молиялаштиришни тўхтатиш ва Россия-Украина урушини тез орада тугатиш тарафдори бўлган Трампни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилиш учун ишлаб чиқилгани айтилади. Украина ва Европа расмийларининг сўзларига кўра, Украинанинг Европа ва АҚШдаги иттифоқчилари, жумладан, юқори мартабали республикачилар Трампга Украинага ўта муҳим аҳамиятдаги ёрдамларни кўрсатишни тўхтатмасдан, Киев билан яқиндан ҳамкорлик қилиши учун қандай таклифларни яхшироқ шакллантириш бўйича маслаҳатлар берган.
«Ғалаба режаси»даги иккита таклиф Трамп учун махсус тайёрланган. Биринчиси — уруш тугаганидан кейин Европадаги баъзи Америка қўшинларининг украинлар билан алмаштирилиши. Иккинчидан, Украина энг муҳим табиий ресурсларни ғарблик шериклари билан баҳам кўради. FT маълумотларига кўра, сўнгги таклиф республикачи сенатор Линдси Грэм томонидан ишлаб чиқилган, Грэмнинг идораси бу бўйича изоҳ бермади.
Украина президенти Владимир Зеленский сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган Дональд Трамп билан учрашувда қайд этилган иккита таклифни тақдим этди. Учрашувдан хабардор бўлган FT манбасининг айтишича, Трамп ушбу таклифлар билан қизиққан.
FT`нинг таъкидлашича, Украина бизнеси вакиллари ҳукуматга Трампга мамлакатда ким бизнес юритиши мумкинлигини аниқлаш учун «инвестиция танлови» ваколатини беришни таклиф қилмоқда. Манбалардан бирининг айтишича, бу жумла «ABC — anybody but China» («Ким бўлса ҳам, фақат Хитой эмас») деб номланган. Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, таклиф Хитой технологиялари ва материалларига боғлиқ бўлган Украина тармоқлари, масалан, телекоммуникация Америка технологияларига ўтишини назарда тутади. Таклифни ишлаб чиқиш бошланғич босқичда, аммо баъзи ишбилармонлар бу Трампни қизиқтириши мумкин деб ҳисобламоқда.
Бундан ташқари, манбаларга кўра, Украина мамлакатнинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркаровани алмаштириб, «Трамп лагерини тинчлантиришга» ҳаракат қилмоқда. Аввалроқ Вакиллар палатаси спикери республикачи Майк Жонсон Зеленскийнинг АҚШдаги мудофаа корхонасига ташрифини уюштиргани учун Маркаровани ишдан бўшатишни талаб қилганди. Манбаларга кўра, элчи лавозимига Украинанинг собиқ ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба таклиф қилинган, бироқ у рад этган. Украина Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонаси ва Кулеба бунга изоҳ бермаган.
Владимир Зеленский сентябрь-октябрь ойларида «ғалаба режаси»ни тақдим этган. Режадаги бандлар орасида Украинани НАТОга таклиф қилиш, Украина армиясини кучайтириш, Россияни «ядровий бўлмаган тарзда тўхтатиш» ва Ғарб ракеталарининг Россия ҳудудидаги нишонларга зарба беришига тақиқни олиб ташлаш киради. Украина иттифоқчилари Украинани НАТОга таклиф қилишни қўллаб-қувватламаган, чунки уруш давом этмоқда.