• Вт. Дек 10th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев Бокудаги иқлим конференциясида қандай муаммоларга тўхталади? Шерзод Асадов жавоб берди


Шавкат Мирзиёев Бокудаги иқлим конференциясига ташриф буюришидан асосий мақсад нима? Жаҳон саммитида қайта қайси муаммоларга эътибор қаратмоқчи? Президент матбуот котиби Шерзод Асадов “Синчалак влог”га берган интервьюсида бу саволларга жавоб берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Бу тадбирда ҳурматли президентимизнинг қатнашишларидан асосий мақсад, албатта, иқлим ўзгариши бўйича Ўзбекистонда қилинаётган экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича режаларимиз ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилишдир.

Бундан ташқари, республикамиз глобал даражадаги энг катта экологик фожиадан бири бўлмиш Орол фожиаси ҳудудида жойлашган ва ушбу ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, у ерда одамлар ҳаётини яхшилаш ва умуман олганда, турмуш даражасини кўтаришга қаратилган”, дейди Шерзод Асадов.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон президентининг охирги йиллардаги ҳаракатлари бутун дунё эътирофида бўляпти. Хусусан, Бокудаги тадбирга ташриф буюрган бир нечта экспертлар Оролбўйи ҳудудида қилинаётган катта ишлар алоҳида эътироф этган.

Асосий мақсадлардан бири бу конференцияда яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг Орол фожиасига эътиборини қаратишдир.

“Шу билан бирга, барча давлатларга тегишли бўлган Париж иқлим шартномаси бўйича давлатлар ўзларига олган мажбуриятларини яна бир бор эслатишдир. Бу мажбуриятлардан чекинмаган ҳолда, аксинча, олинган мажбуриятларни жаҳон ҳамжамияти масъулиятли вакили сифатида Ўзбекистон доим бажаришини яна бир бор тасдиқлаш”, дейди президент матбуот котиби.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган режалари бўлишилади. Бу режалар биринчи навбатда яшил энергетикани ривожлантириш ва халқаро даражага чиққан “Яшил макон” каби лойиҳаларни яна ҳам кенгайтиришни ўз ичига олади.

“Шу билан бирга, ҳурматли президентимиз албатта экологик масалалар келажак авлод билан боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда, ёшларимизни ҳам экологик мақсадлардан четда қолмаслик бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари суради” дейди Шерзод Асадов.

Унинг билдиришича, Шавкат Мирзиёевнинг экологик муаммолар фақат битта давлатнинг муаммоси эмас, балки умуман олганда, минтақа даражасида глобал таъсирга эга бўлган муаммолардан келиб чиққан ҳолда, унинг ечимларини ҳам биргаликда ишлаб чиқиб, биргаликда амалга ошириш керак деган ташаббуси илгари сурилади.

Бу ташаббуслар бўйича, Экология вазирлигимиз ва бошқа давлат идоралари, Ташқи ишлар вазирлиги, хусусан кейинчалик ҳам халқаро ҳамкорлар билан йўл хариталарини ишлаб чиқиб, босқичма-босқич амалга оширилаётган ишларни давом эттирмоқда.

Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 29-сессияси (CОP29) тадбирларида иштирок этиш учун 11 ноябрь куни Озарбайжон пойтахтига ташриф буюрди.

CОP29 доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланишга қарши курашиш, экологик таълимни ривожлантириш ҳамда иқлим кун тартибини илгари суришда ёшларнинг ўрнига бағишланган юқори даражадаги тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистоннинг махсус ташкил этилган Миллий павильонида Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал этиш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, биохилма-хилликни асраш ва бошқа йўналишларда 20 дан ортиқ қўшимча тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

CОP (Conference оf thе Parties) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчилари конференцияси. Бу БМТ томонидан ҳар йили ўтказиладиган йиғилиш бўлиб, унда иқлим ўзгариши билан қандай курашиш ва унинг оқибатларига қандай мослашиш кераклиги муҳокама қилинади. Томонлар 1992 йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясини (UNFCCC) имзолаган давлатлардир. CОP’нинг биринчи конференцияси 1995 йил март ойида Берлинда ўтказилган.

БМТ халқаро иқлим конференцияси 2023 йилда Дубайда декабрь ойида бўлиб ўтганди. Унда дунёнинг 140 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистонга Марказий Осиё давлатлари ичидан биринчи бўлиб сўз берилди. Шавкат Мирзиёев конференцияда Ўзбекистон миллий, минтақавий ва глобал даражада иқлим ўзгаришига қарши курашни кучайтириш юзасидан қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *