Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни «Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 17 сентябрь куни қабул қилинган ва Сенат томонидан 30 сентябрда маъқулланган. У уч ойдан сўнг — 2025 йил 12 февралда кучга киради.
1998 йилдаги қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисидаги қонун ўрнини босувчи ушбу қонун қишлоқ хўжалиги кооперативларини тузиш, аъзоликка қабул қилиш, назорат қилиш, ташқи аудитдан ўтказиш, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек, давлат ва кооперативлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади.
Ҳужжатда қишлоқ хўжалиги кооперативи қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш мақсадида жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг пай усули асосида кўнгилли равишда бирлашувидан ташкил топган мустақил тижорат ташкилоти сифатида белгиланган. Кооператив юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.
Пай — қишлоқ хўжалиги кооперативи мол-мулкининг муайян номинал қийматга эга бўлган, ташкилот аъзосининг мол-мулкни шакллантиришдаги иштироки миқдорини акс эттирувчи қисмидир. Пай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк кўринишида бўлиши мумкин. Пай бадали овоз бериш ҳуқуқини ва кооператив фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқини беради.
Бундай кооперативларнинг асосий мақсади ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, харажатларни камайтириш ва кооператив аъзоларининг даромадларини кўпайтириш учун ресурслар ва кучларни бирлаштириш ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги кооперативи камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахс томонидан тузилиши мумкин. Шунингдек, камида уч кооперативдан иборат қўшма кооператив ҳам ташкил этилиши мумкин.
Кооператив тузишга қарор қилган жисмоний ва юридик шахслар таъсис қўмитасини тузишлари лозим. Ушбу қўмитанинг асосий вазифалари кооператив устави лойиҳасини тайёрлаш ва бўлажак кооператив таъсисчиларининг таъсис йиғилишини ўтказишдан иборат.
Таъсис йиғилишида асосий қарорлар қабул қилинади: устав тасдиқлаш, кооперативни расман тузиш ва унинг сафига аъзоларни қабул қилиш. Жисмоний шахслар учун тўлиқ исм ва манзиллар, юридик шахслар учун эса уларнинг вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилади.
16 ёшга тўлган жисмоний шахслар, шунингдек кооператив устави талабларига жавоб берадиган юридик шахслар кооператив аъзолари бўлиши мумкин. Агар кооператив уставида бундай тақиқ бўлмаса, ушбу ташкилотнинг аъзоси бир ёки бир нечта кооперативда аъзо бўлиши мумкин.
Кооперативга алоқадор бўлмаган жисмоний шахслар ва компаниялар ушбу ташкилотга инвестор сифатида кириши мумкин.
Қонун билан қишлоқ хўжалиги кооперативи бошқарув органларининг, шу жумладан, кооператив умумий йиғилиши, бошқаруви ва кузатув кенгашининг аниқ вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Ҳужжатда қишлоқ хўжалиги кооперативига кириш ва ундан чиқиш, кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ҳисоботини юритиш, пай бадалларини тўлаш билан боғлиқ қоидалар ҳам ўз аксини топган.
Кооператив қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, шунингдек қонун билан тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Аввалроқ лойиҳани ишлаб чиқувчилар ҳужжатга кооперативларнинг уюшмага мажбурий аъзолигини киритишга уринган эди, бироқ Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бундай уюшмани «кооперативлар вазирлиги» билан таққослаб, бунга қарши чиқди.
«Энди сизлар республикада яна битта кооператив уюшма тузяпсизлар-да, ҳамманг аъзо бўласан, деяпсиз. Эртага улар Савдо-саноат палатасига мажбурий аъзо бўлиши керак. Деҳқон, фермер хўжаликларига ҳам аъзо бўлишига тўғри келади. Бечора фермер деҳқон, фермер хўжаликларига ўзи мажбурий аъзо, унга тўлайди. Энди бу кооперацияга кирадиган бўлса, унга тўлаши керак, у кооперацияси кейин кооперациялар уюшмасига тўлаши керак. Яъни мунтазам тушум ҳам бўлиши керак экан», — деганди у.
«Ҳалиги адлиядан рўйхатдан ўтган уставга айтасизларки, ҳар ойда шунча ё ойда ё йилда шунча, дейсизлар. Энди ундан ташқари, ихтиёрий мулкий бадаллар ва хайриялар, чунки сизларда шунақа катта имкониятлар пайдо бўладики, халқаро грантлар оласизлар, бошқалар, ҳа, бўпти, мана, фойдангдан шунга бунча ташла, буни қил, буни қил, буни қил. Яъни буларнинг устидан тайёр вазирлик ташкил қиляпсизлар-да… Энди кооперативлар уюшмалари аъзолари томонидан кўрсатиладиган хизматлар. Энди ким хизмат кўрса, ундан ҳам сизларга „доля“ тўлаши керакми? Нима деяпсизлар ўзи? Бешинчи қисмни умуман олиб ташлайлик. Нима кераги бор бизларга?» — деганди ўшанда парламент қуйи палатаси раҳбари.
Натижада уюшмаларни тузишга бағишланган боб чиқариб ташланди ва 54-модда билан алмаштирилди. Унга кўра, кооперативлар умумий манфаатларни ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун кооперативлар уюшмаларига бирлашиши мумкин. Кооперативлар уюшмаларини тузиш, уларнинг фаолияти, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 835 та агросаноат кластери, 90 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ва 190 дан зиёд кооператив фаолият юритмоқда.