Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP 29)да иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Нутқ аввалида президент Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни бугунги конференцияни Боку шаҳрида юксак даражада ташкил этгани билан самимий табриклади.
«Биз Озарбайжоннинг замонавий иқлим таҳдидларига қарши курашиш йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — деди президент.
«Иқлим ўзгаришлари бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланиб бормоқда, геосиёсий зиддиятлар кучайишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, камбағалликка қарши кураш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ва ресурслардан фойдаланиш муаммоларини кучайтирмоқда», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
«Буларнинг асоратларини Марказий Осиёда ўткир ҳис қилмоқдамиз. Иқлим муаммолари аҳолимизнинг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқаришда янги тўсиққа айланмоқда», — деди давлат раҳбари.
Президент Париж битими доирасидаги бош мақсад — минтақада ҳаво ҳароратининг жадал ўсишига йўл қўймаслик ва жорий юз йилликда 1,5−2 градус атрофида сақлаб қолиш эканини эслатиб ўтди.
Мирзиёев таъкидлашича, Ўзбекистон 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтиришни режа қилган. «Бу мажбуриятни 2050 йилга қадар янада кенгайтиришга тайёрмиз», — дея қўшимча қилди президент.
«„Яшил“ энергетика улушини 40 фоизгача оширамиз. Электромобиль ва „яшил“ водород кластерлари, қуёш ва шамол генерация хабларини яратаяпмиз. „Яшил макон“ дастуримиз доирасида кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтиряпмиз. Қўшни мамлакатлар билан Минтақавий иқлим стратегиясини ҳаётга татбиқ қилмоқдамиз. Шу кунлари Европага „яшил“ энергия етказиш бўйича кўп томонлама битимни имзолаймиз», — дея қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда бартараф этишда қуйидаги таклифларни илгари суришини айтди:
- Иқлим хатарларини аниқлаш учун етакчи давлатлар ва халқаро институтларнинг техник кўмагини кенгайтириш. Президент бу борада Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказ таъсис этишни таклиф қилди.
- Трансчегаравий сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш. «Минтақамиз мисолида айтиб ўтмоқчиманки, бир авлод кўз ўнгида Орол денгизининг бутунлай йўқолиши сайёрамиз миқёсидаги фожиага айланди. Шу ўринда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни ишлаб чиқиш тарафдоримиз», — дея қайд этди давлат раҳбари.
- Генетик ресурсларнинг минтақавий банкини ишга тушириш. «Денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юртимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инновацион агросаноат хабини яратиш ташаббусини илгари сурамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
- Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этиш. Бу иқлим ўзгаришларидан зарар кўраётган мегаполис ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши бўйича илғор билим ва амалиётлар трансферига хизмат қилади. Шавкат Мирзиёев унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев иштирокчиларни келгуси йили 15 май — Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида ўтказиладиган Рақамли «яшил» ташаббуслар глобал ёшлар фестивалига таклиф қилди.
«Ўзбекистон умумий фаровонлик ва „яшил“ тараққиёт йўлида очиқ мулоқот ва шерикликка доим тайёр эканини яна бир бор таъкидлайман», — дея нутқини тугатди Шавкат Мирзиёев.